Амалдаги ишлар ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди

Ташрифлар: 4

Сана: 28.09.2016 10:53

28.09.2016 й.

     Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда шаҳар молия бўлими мудири ўринбосари Улуғбек Саъдуллаевнинг маҳаллий бюджетнинг 2016 йил биринчи ярим йиллиги ижроси юзасидан ҳисоботи эшитилди. Шу билан бирга, шаҳар маҳаллий бюджетидан ижтимоий соҳалар, хусусан, таълим муассасалари таъминоти, соғлиқни сақлаш тизими, маданият ва спорт соҳасини ривожлантириш ҳаражатларига ажратилган маблағлар хусусида атрофлича ахборот  берилди.

 –Жорий йилнинг шаҳар маҳаллий бюджетини тасдиқлаш жараёнида иқтисодиётга ва аҳоли даромадларига солиқ юкини пасайтириш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар белгиланган эди, – дейди У.Саъдуллев. – Шунга мувофиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг иккинчи поғонаси бўйича солиқ ставкаси 8,5 фоиздан 7,5 фоизга, шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб ушбу корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга пасайтирилди.

 Депутатлик гуруҳи йиғилиши давомида шунингдек,“Ўзбектелеком” АК Бухоро шаҳар телекоммуникация боғламаси бошлиғи, халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутати Халил Турдиевнинг депутатлик фаолияти бўйича амалга оширган ишлари юзасидан ахбороти ҳам тингланди.

Таъкидланганидек, бугун 10-“Шодлик” сайлов округи ҳудудида истиқомат қилаётган аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатини ҳимоялашга кўмаклашиш, аҳолига савдо, маданий-маиший хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш борасида бир қатор самарали ишлар амалга ошрилди. Эътиборлиси, ҳозирда сайловчилардан тушаётган ёзма ва оғзаки мурожаатлар асосида мутасадди ташкилот раҳбарларига юборилаётган депутатлик сўровлари ўзини тўла оқлаяпти.

Хусусан, биргина 58-МФЙ жамоаси томонидан депутат Х.Турдиевга йўлланган  мурожаатда ҳудуддаги ташландиқ ерда  болалар спорт майдончаси ва автотураргоҳ  барпо этиш, шунингдек, “Баркамол авлод” спорт мажмуаси атрофини тартибга келтиришда кўмаклашиш сўралган эди. Эндиликда шаҳар архитектура ва қурилиш бўлими ҳамда халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими раҳбарларига юборилган депутатлик сўровига биноан, энди   мазкур муаммолар тўлиқ бартараф этилишига эришилади. 

Йиғилишда шаҳарда ечимини кутиб қолган бошқа бир қатор долзарб масалалар бўйича ҳам атрофлича фикр алмашилди.  Шу билан бирга, фуқаролар ўртасида юзага келаётган айрим масалаларни депутатлик гуруҳи томонидан ўрганиб чиқиш ва унинг натижалари асосида тегишли таклифларни халқ депутатлари шаҳар  кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг