Анъанавий учрашувлар: Муаммо – таҳлил – ечим

Ташрифлар: 68

Сана: 11.05.2017 15:33

Жиззах:

Халқ депутатлари Жиззах вилояти Пахтакор туман Кенгашининг йигирма тўртинчи сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзоларининг жорий йил 1-6 май кунлари туманда олиб борган кузатувлари натижалари кўриб чиқилди.

Таҳлиллар жараёнида 314 хонадон, 1508 нафар аҳоли билан мулоқот ўтказилиб, тумандаги  тижорат банклар филиаллари, деҳқон ва буюм бозорлари, соғлиқни сақлаш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, фуқаролар йиғинлари фаолияти билан яқиндан танишиб чиқилди.

Сессияда таъкидланишича, туманда ютуқлар билан бирга зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган бир қатор муаммолар ҳам мавжуд. Аҳоли мурожаатларининг кўп қисми уй-жой коммунал хизмати, таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш соҳаларига тўғри келади.

Аксарият масалаларга депутат ва сенаторларнинг амалий кўмаги билан жойида ечим топилди. Хусусан, “Олмазор” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 16 хонадонли уйнинг оқова сув тизимидаги носозлик туман ҳокимлиги ва ободонлаштириш бўлими масъуллари билан бартараф қилинди. Тадбиркор Шуҳрат Имомназаров дўконига терминал ўрнатиш юзасидан берган мурожаатига жавобан Марказий банкнинг вилоят бошқармаси мутасаддилари томонидан ўз вақтида амалий чора кўрилди.

Сессияда туманнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи чуқур таҳлил этилиб, келгусида амалга ошириладиган дастурий режалар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, аҳолига савдо, маиший хизмат кўрсатиш, пенсия таъминоти ва бошқа соҳалар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш йўл-йўриқлари ҳақида аниқ кўрсатмалар берилди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Нурдинжон Исмоилов, вилоят ҳокими Улуғбек Узаков сўзга чиқди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Содиқжон Турдиев иштирок этди.

***

Бухоро:

Барча ҳудудларда бўлганидек, Бухоро вилоятида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жойлардаги аҳоли билан учрашувлари қизиқарли ўтказиляпти.

Бу галги юзма-юз мулоқотлар вилоятнинг Вобкент туманида бўлиб, илгари сурилган бир қатор долзарб масалалар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 27-Жилвон сайлов округидан сайланган депутатимиз Жамол Носиров  ва Халқ депутатлари Вобкент тумани Кенгаши депутати Ҳайдар Ҳамроев “Шанба” қишлоғи аҳолиси билан ўтказган учрашуви чоғида Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жойларда тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш, шунингдек, ички йўлларни таъмирлаш, аҳоли хонадонларини табиий газ билан таъминлашдаги узилишларни бартараф этиш  ва бошқа бир қатор муҳим  масалалар билан боғлиқ муаммолар ўртага ташланди.

Тумандаги “Пирмаст” ҚФЙ ўрамидаги аҳоли билан учрашув чоғида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг яна бир аъзоси Шуҳрат Бафоев  ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Шавкат Исомиддинов ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада тараққий эттириш, тижорат банклари томонидан соҳа ходимларига молиявий ёрдам беришни кучайтириш  билан боғлиқ масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашди, тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, зарур тавсиялар берилди. Алоҳида қайд этиш керак, жонли мулоқотларда кўтарилган кўпгина муаммоларга жойида ечим топилмоқда.

Асхор ИСТАМОВ, Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ

“ХХI asr” мухбирлари

Сурат манбаси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!