Мақсад – юқори сифат ва самарадорликка эришиш

Ташрифлар: 262

Сана: 19.04.2017 16:53

Партиянинг Андижон вилоят, шаҳар ва туманларидаги қуйи бўғинларда сарҳисоблар давом этмоқда. Уларда партия мақсад, вазифалари, ижро ва интизомий мезонлар чуқур таҳлил қилинмоқда. Бундан келиб чиққан ҳолда БПТлар олдида турган аниқ ишлар режали ташкил қилинмоқда.

Андижон шаҳридаги Андижон Тажриба синов заводида фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилотида бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишида ҳам айнан юқоридаги масалалар кун тартибига қўйилди. Даставвал йиғилишда сўз олганлар айни кунга қадар ушбу БПТда қилинган ишлар, ўтказилган тадбирлар, вазифалар ижроси хусусида атрофлича гапирдилар. Якунда БПТ раисининг фаолияти тўғри ва ижобий баҳоланди ва С. Ҳамдамов қуйи бўғин раислигига қайта сайланди.

Сардорбек ҲАМДАМОВ, мазкур БПТ раиси:

- Фаолиятимиз давомида кўплаб ютуқларга эриша олдик, деб ўйлайман. Аввало, аъзоларимиз сафи кенгайди.  Тўғри иш бор жойда камчиликлар ҳам бўлади. Биз аъзоларимиз билан бирга ана шу камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз. Олдимизга қўйилаётган талаблар долзарб ва ижроси жуда муҳим. Уларни бажаришда партия уставида кўрсатилган меъёрларга, албатта, амал қиламиз.

Шунингдек, Андижон шаҳридаги Ўзбекинвест суғурта компаниясида ташкил этилган бошланғич партия ташкилотининг ҳисобот–сайлов йиғилиши ҳам очиқлиги, муҳокамага бойлиги билан аҳамиятли бўлди. Сарҳисоб давомида қуйи бўғин фаолияти қониқарли баҳоланди. Камчиликлар айтиб ўтилди. БПТ раиси Н.Аҳмадалиевани бошқа ишга ўтиб кетганлиги сабабли қатнашчилар томонидан кўрсатилган номзод О.Зуҳриддинов бошланғич партия раиси этиб сайланди.

Наврўзбек ЮСУПОВ, O‘zLiDeP Андижон шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари, аппарат раҳбари:

-Ўтаётган бундай йиғилишлар замирида қилинган ишларга танқидий ёндашиб, бажарилиши керак бўлган юмушларга катта масъулият билан қараш талаби бор. Бошланғич партия ташкилоти раиси зиммасига юкланган вазифалар оз эмас. Муаммолар бўлмаслиги учун ҳаракат қилиши, аъзолар сафини кенгайтириши, партиянинг мақсадларини кенг тарғиб қила билиши  керак.

Йиғилиш якунида янги сайланган раисга партия уставидан келиб чиққан ҳолда топшириқлар берилди.

Зилола РАҲМОНОВА,

O‘zLiDeP Андижон вилоят кенгаши

матбуот хизмати раҳбари

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!