Аҳоли депутатлар ҳақида қандай фикрда?

Ташрифлар: 311

Сана: 19.04.2017 16:44

Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш ҳамда ўз ваколатлари доирасида жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтсодий ислоҳотларнинг бориши, аҳолининг турмуш фаровонлигининг таъминланаётганлиги юзасидан таъсирчан депутатлик назоратини олиб бориш асносида фуқароларни ўйлантраётган муаммоларни ҳал этишда ҳам ташаббус кўрсатяптилар.

Бу борадаги ишларнинг натижасини билиш мақсадида маҳаллий Кенгашлардаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоларига мурожаат қилган фуқароларнинг фикрларини ўргандик:

 Хулкарой Ўлмасова, Қўрғонтепа тумани, Тошлоқ маҳалласи, Ихлос кўчасида истиқомат қилади уй бекаси:

—Очиғини айтсам, депутатларимиз уйимизга келмагунларига қадар уларнинг фаолиятидан хабардор эмасдим. Биз билан суҳбат ўтказишганда уларнинг гапи доимгидек баланд парвоз гаплар, бир келади бошқа келмаса керак, деб ўйлагандим. Аммо маҳалламиздаги айрим хонадонларнинг муаммоларини қайта келиб ўрганиб, уларни ҳал этиш учун давлат ташкилотлари ходимларини жалб қилганликларини кўриб, депутатларимизга нисбатан иошнчим ортди.

Машҳура Рўзибоева, Қўрғонтепа тумани, Матонат кўчасида истиқомат қилади, вақтинча ишсиз:

—Коллежни тамомлаб, бир неча йил иш изладим аммо ўзимга муносиб иш топа олмадим. Туманимиздаги “Best textle”да Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги депутат Муҳаббат Йўлдошева фуқароларни қабул қилаётганлигини эшитиб, ишга жойлаштиришда ёрдам сўраб бордим. Шу кунни ўзида муаммойим ҳал этилди. Депутатимиз кўмагида “Best textle” ишлаб чиқариш корхонасига ишга қабул қиладиган бўлишди. Ҳозирда ишга жойлашиш учун зарур ҳужжатларни тўплаяпман.

Зафаржон Қобулов, Бўз туманидаги 22-сонли мактаб директори:

—Бир неча йилдан буён мактабимизда тоза ичимлик суви йўқлиги боис ўқувчиларимиз қийналишади. Бу масалада бир нечта ташкилотга мурожаат қилганмиз. Аммо бирор натижа чиқмади. Охир оқибат жамоамиз билан депутатга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг аъзоси Феруза Рустамова мазкур масалани куюнчаклик билан ўрганди.  Туман “Сувоқава” бўлимига депутатлик сўрови юбориш орқали масалани ижобий ҳал этди. Муаммоларни депутатлар орқали ҳал этиш бир мунча самарали усул эканлигига яна бир бор амин бўлдим.

Юсупов Абдумўмин, Улуғнор тумани “Учкўприк” МФЙ фаоли:

—Депутатлар фаолияти охирги пайтлар анчайин жонланди. Улар аҳолининг ҳимоячисига айланди, деб бемалол айта оламан. Мана яқинда маҳалламиздаги яроқсиз ҳолга келиб қолган бетон столбаларни алмаштиришда депутатларимиз кўмагидан фойдаландик. Туман Кенгашига O‘zLiDePдан сайланган депутат Умаржон Абдуллаев мурожаатимизни эътиборсиз қолдирмай, туман электр тармоқлари корхонаси мутасаддиларига депутатлик сўрови юборди. Ҳеч қанча вақт ўтмай маҳалламизга янги электр устунлари ўрнатилди. Энди кўнглимиз ҳотиржам, кўчаларимиз ҳам янада чирой очгандек. Аҳолининг оғирини енгил қилаётган депутатларимиз барака топсин!

Дарҳақиқат, депутат халқ учун хизмат қилади. Унинг фидойилиги турмуш фаровонлиги, ислоҳотлардаги янгиликлар учун қадам бўлиши шубҳасиз. Ютуқларимиз бисёр бўлсада, депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада ривожлантириш борасида ҳали амалга оширилажак ишлар талайгина. Бу борада партия депутатлик корпуси вакилларидан янада фаоллик, талабчанлик ва албата фидоийлик талаб этилади. Бир сўз билан хулоса қилиш мумкинки, депутат халқ ишончини оқлаши шарт!

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!