O‘zLiDeP салоҳиятли ёш кадрларни чорлайди

Ташрифлар: 36

Сана: 27.12.2016 14:53

Ўзбекистонда ёшлар аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ташкил этади. Бу, бир томондан, давлатимиз зиммасига улкан масъулият юкласа, иккинчи томондан, катта имкониятлар эшигини ҳам очади. Мамлакатимиз аҳолиси ҳар йили салкам ярим миллионга кўпаяётганини, меҳнат бозорига ҳам йилига шунча янги ишчи кучи кириб келаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу борадаги вазифалар кўлами тобора ортиб бормоқда.

Шу маънода ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, таълим муассасаси битирувчиларини ишга жойлаштириш каби масалаларга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада O‘zLiDeP ҳам ўз дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, ёшларни жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун мақсадли тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

O‘zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши томонидан вилоят Қишлоқ хўжалик институтида “Ёш партия етакчилари-келажак кадрлари” лойихаси доирасида давра сухбати ўтказилгани шулар жумласидандир.

Тадбир давомида халқ депутатлари Андижон туман Кенгаши депутати Ф.Расулов ўз сўзида партиянинг тарихи, устав хамда дастури билан йиғилганларни яқиндан таништириб, таълим муассасси битирувчиларининг партия истиқболли кадрлар заҳирасига киритилиши, партия тизимларидаги штат бирликларидаги лавозимларга номзодларни кўрсатиш, истиқболли кадрларни маҳаллий ва ваколатли ҳокимият органлари мутасадди ташкилотлар, жамоат ташкилотларидаги раҳбар лавозимларига тавсия қилиш вазифалари лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири эканлигини тушунтириб ўтди. 

Шунингдек, бевосита ёшлар қатлами билан ишловчи партия “Ёшлар қаноти” томонидан вилоятда амалга оширилган ишлар ҳамда ўтказилган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

 —Жорий йилда партия вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан 245 та тадбир ўтказилиб, 27 мингга яқин ёшлар қамраб олинди, - дейди партия туман Кенгашининг ёшлар масалалари бўйича раис ўринбосари О.Зайлобидинова. — Шуниси қувонарлики, ёшларимиз орасида келажагини кичик бизнесда кўраётганлар сафи йилдан-йилга кўпайиб бораяпти. Бу борада партия томонидан ўтказилаётган танловлар, лойиҳалар ғолибларига ажратилаётган имтиёзли кредитлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жойларда мазкур лойиҳа доирасида ташкил қилинаётган тақдимот тадбирларида фаол иштирок этган, партия фаолиятига қизиқиши билдирган талабалар хақида маълумотлар базаси шаклантирилиб, партиянинг истиқболли кадрлар захирасига киритилмоқда.

Тадбир давомида партия фаолиятига бағишланган тақдимот ёшлар эътиборига ҳавола этилди ва ёшларни қизиқтирган барча саволларга тадбир ташкилотчилари атрофлижа жавоб беришди.

O‘zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!