Муаммолар калити

Сана: 04.01.2017

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ҳаётий тамойилнинг бутун мазмун-моҳиятини, энг аввало, барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб, англаб олиши зарур.

Андижон вилояти ҳокими, сенатор, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг жойларда ўтказаётган учрашувларида ҳам айни шундай эзгу мақсад кўзда тутилган. Жумладан, Андижон шаҳри аҳолиси вакиллари билан очиқ мулоқотда энг муҳим муаммолар ечими бош мавзуга айланди. Тиббиёт коллежида ташкил этилган учрашувда халқ турмуш даражасини юксалтириш, одамларнинг кундалик эҳтиёж­ларини таъминлаш, жумладан, электр энергияси, газ, сув, кўмир таъминоти, ободончилик, коммунал хизматлар, ички кўчаларнинг ҳолати, тадбиркорлик ва бандлик муаммолари очиқ-ойдин ўртага ташланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Яна бир устувор вазифа – янги 2017 йилдан бошлаб қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон ва қулай уй-жойлар қуриш дастурини амалга оширишга киришамиз”, деган сўзларидан келиб чиқиб, шу куннинг ўзида Бобур шоҳкўчасида йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида қўлдан-қўлга ўтиб, битказилмай ётган кўпқаватли уйнинг қурилишига киришилди. Яқин фурсатда бино битказилиб, эгаларига берилиши белгиланди.

Олтинкўл туманида бўлган мулоқотда тез кунларда Оразий маҳалласидаги 6 километр узунликдаги йўлга асфальт ётқизиш бошланиши маълум қилинди. “Узункўча” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шавкат Шерғозиев аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш шохобчасини ташкил этиш ҳақидаги таклиф билан мурожаат қилди. Тумандаги “Кравтексь” қўшма корхонаси имкониятлари ҳисобидан бу масала шу ернинг ўзида ечим топди. Балиқчи тиббиёт коллежида ташкил этилган очиқ мулоқотда “Сирмоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳратбек Козимов 4 километр масофага ичимлик суви қувурларини тортиш масаласи тегишли ташкилотлар томонидан пайсалга солинаётганлигини айтди. Муаммога ойдинлик киритилди. Очиқ мулоқотда уч нафар фуқаронинг иш билан таъминлаш масаласи ҳам ҳал этилди.

 Избоскан тумани, Тўрткўл қишлоғи, “Гузар” маҳалласи аҳли ўзларини қизиқтираётган масалалар ҳамда саволларга тўлақонли жавоб олдилар. Маҳалла кўчалари асфальт қилиниши учун мутасаддиларга топшириқлар берилди, эҳтиёжмандлар янги уй олувчилар рўйхатига киритилди, кимдир ишли, яна кимдир тадбиркорлик мақсадида банкдан имтиёзли кредит оладиган бўлди. Марҳамат туманидаги 7-умумтаълим мактабида спорт залининг йўқлиги, мактабгача таълим муассасасининг зарурлиги, кўча ва йўллардаги носозликлар, электр энергияси ва ичимлик сувидаги узилишлар ҳақида ҳам маълумотлар эшитилди. “Оқ олтин” газетасининг фахрий журналисти Қодиржон Тошболтаевнинг уч минг йиллик тарихга эга Алитепани обод ва гўзал қишлоққа айлантириш ҳақидаги таклифи кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди.

Юзма-юз мулоқотлар чоғида иқтисодиёт равнақи, халқ фаровонлигини юксалтириш юзасидан билдирилаётган таклиф ва мурожаатлар ҳар бир соҳада ишларни замон талаблари даражасига кўтариш зарурлигини яна бир карра тасдиқлаётир.

Зилола РАҲМОНОВА,

журналист

Андижон вилояти

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!