O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Ташрифлар: 7

Сана: 11.01.2017 15:27

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилояти Кенгашининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги марузалари ва ундан келиб чиқувчи вазифаларни ҳар томонлама муҳокама қилишга қаратилди.

Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида Конституциямиз мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асоланган иқтисодиёт барпо этишнинг мустаҳкам пойдеворига айланиб, фуқароларнинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилди, шунингдек, мамлакатда сиёсий партияларнинг эркин фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратди.

–Президентимиз ташаббуси билан жорий йилни юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон мафаатлари йили” деб эълон қилингани халқимиз учун кутилмаган янгилик бўлди, – дейди O‘zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши раиси З.Жумабоев. –Сабаби, 2017 йилда мамлакатимизда давлат идоралари ва фуқаролар ўртасида кенг мулоқот йўлга қўйилди. Эндиликда турли соҳалардаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларининг ноқонуний текширувларига чек қўйиш, уй-жой қурилиши, коммунал, транспорт ва савдо хизмати ҳамда энергия таъминотини масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Бир сўз билан айтганда, бундан буён халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари  халқ  учун  хизмат  қилади. Шунинг учун маърузада келтирилган ҳар бир фикрларни халқимиз мамнуният билан қабул қилди.      

Мажлисда шунингдек, O‘zLiDeP Андижон вилоят, туман (шаҳар) депутатлик гуруҳ аъзолари бугунги кунда қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсирини кучайтириш, уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги ролини ошириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидланди.

Кенгайтирилган мажлис олдида турган яна бир муҳим вазифа – қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир.

 Мажлисда сўз олганлар, қонунлар ижросини ташкил этиш бўйича аниқ ишлайдиган механизм яратиш жараёнида O‘zLiDePнинг муносиб иштирок этиши давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган ушбу вазифанинг нечоғли самарали бажарилаётганини кўрсатувчи мезон бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.  

Мажлисда кўриб чиқилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!