Аниқ ва ҳаётий вазифалар

Ташрифлар: 7

Сана: 25.11.2016 13:05

фуқароларнинг номзодга ишончини янада оширмоқда

Ўтаётган ҳар бир кун бизни мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига яқинлаштирмоқда. Жойларда Президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари сайловчиларни мазкур сиёсий жараёнда фаол иштирок этиш ва муносиб номзод учун овоз беришга чақирмоқда.

Номзодларнинг сайловолди дастурларида илгари сурилаётган устувор вазифалар, мамлакатимизда демократик давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш борасидаги нуқтаи назари сайловчилар эътиборини қозонмоқда. Учрашувларда O‘zLiDePдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури бошқа номзодларнинг дастурига нисбатан мукаммал ва қамрови кенглиги билан алоҳида ажралиб турибди. Буни номзоднинг ишончли вакиллари билан ўтказилаётган учрашувларда ҳам яққол сезиш мумкин.

Наманган вилояти

Наманган шаҳридаги мусиқа ва санъат мактабида ўтган тадбирда ҳам O‘zLiDePдан мамлакатимиз Президентлигига кўрсатилган номзоднинг ишончли вакили  Икромхон Нажмиддинов  Ш. Мирзиёевнинг ҳаёт йўли, сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирди. Шунингдек, Наманган шаҳрида сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, жумладан, шаҳарда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этилгани, мавжуд саноат зонасининг янада кенгайтирилгани, Уйчи, Ҳамроҳ, Марғилон, Қўқон кўчалари кенгайтирилиб, икки четида кўп қаватли уйлар қурилгани,  аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Учқўрғон - Наманган, Жийдакапа – Курашхона магистраль тармоғи, оқава сув тизимларини реконструкция  қилиш ва кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар ҳақида батафсил сўзлади.

Меҳнат фахрийлари Алихон Ҳакимов, Мавлуда Йўлчибоева, O‘zLiDeP фаоли Марҳабат Азизова ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастурида қайд этилган муҳим устувор йўналишларда юрт келажаги ва халқ фаровонлиги кўзланганини таъкидлашди.  

Самарқанд вилояти

Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили, “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳасан Нормуродов билан учрашув ҳам қизғин ва савол-жавобларга бой кечди.

– Ҳеч ёдимдан чиқмайди, 2001 йил 13 сентябрь куни Самарқанд вилоятига ҳоким бўлиб келганидан икки кун ўтгач, Шавкат Мирзиёев хўжалигимизга келган эди, – деди учрашувда сўз олган меҳнат фахрийси Барот Нодиров. – Ўшанда у киши билан илк бора мулоқотда бўлган эдим. Ш. Мирзиёев: “2-3 кун ичида деҳқонларни тўплаб хўжалигингизда ўқув-семинар ўтказсак, тажрибаларингизни айтиб берсангиз”, деди. Тез орада катта йиғилиш бўлди. У киши тадбирга оёғида этик билан келиб, тўғри шудгор оралаб кетди. Шудгор ва ғалла экиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Ҳоким бўлган даврида ҳам вилоятимиздаги деҳқонлар учун кенг имкониятлар яратилди. Ўғит ва ёқилғи-мойлаш материаллари бўйича фермерларни қийнаб келаётган муаммолар ечим топди. Натижада 2002 йилда вилоят бўйича ғалладан мўл ҳосил олинди. Ш. Мирзиёев Бош вазир лавозимига тайинлангач, бу амалиётни республика миқёсида қўллай бошлади. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, у кишининг саъй-ҳаракати туфайли мамлакатимизда фермерлик ҳаракати жадал суръатлар билан ривожланмоқда.

– Номзоднинг Сайловолди дастурида туманимиз номи алоҳида қайд этилгани хурсандчилигимизга сабаб бўлди, – деди “Нуроний” жамғармаси Булунғур туман бўлими раиси Абдуалим Азимов. – Унда Булунғур ва Нишон туманлари саноат салоҳияти ва инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги дастурлар ижроси сўзсиз таъминланишини таъкидланган бўлиб, мазкур дастурлар амалга ошса, ҳудудимиз инфратузилмасини тубдан ўзгартириши ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилаши шубҳасиз. Бундай эътиборга жавобан булунғурликларнинг аҳди қатъий: биз туманимиз истиқболини яққол акс эттирган дастурлар ижодкори – O‘zLiDePдан Президентликка кўрсатилган номзод учун овоз берамиз.

Жойларда ишончли вакилларнинг сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлари давом этмоқда.

"XXI asr"

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!