Аёллар тадбиркорлиги: синчковлик ва эҳтиёткорлик бизнес бардавомлигини таъминлайди

Ташрифлар: 240

Сана: 28.02.2017 17:51

Ёши улуғ бувижонларимиз оқила аёл хонадоннинг бахти бўлса, ишбилармон, тадбиркор аёл эса маҳалланинг, халқнинг, бахти дейишади. Дарҳақиқат, тадбиркорлик аёллар учун фойдали касб эканига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бу борада психолог олимлар омадли ишбилармон аёллар ўртасида олиб борган тадқиқот натижасида қизиқ хулосага келишган. Гап шундаки, ожиз жинс вакилаларига хос синчковлик ва эҳтиёткорлик кўп ҳолларда бизнесини бардавом бўлиши ва турли таваккалчиликларни четлаб ўтишига сабаб бўлар экан.

Бу каби фикр-мулоҳазалар ташаббускор хотин-қизлар сонини янада кўпайтириш ва уларнинг тажрибаларини оммалаштириш, чекка қишлоқларда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши томонидан “Ўз бизнесингни бошла ва такомиллаштир” мавзуида ўтказилган уч кунлик амалий семинар-тренингда билдирилди.

Тадбиркорлик ва фермерликка иштиёқи баланд бухоролик хотин-қизлар иштирокида ўтказилган  семинар-тренингнинг биринчи кунида хотин-қизларга замонавий ахборот коммуникациялари асосида самарали бизнес юритиш, бизнес режа тузиш, кредитларни расмийлаштириш, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик тўғрисида тақдимот дарслари ўтказилди. Шу билан бирга соҳани ривожлантиришга оид Президент Фармон ва Қарорлари, амалдаги Қонунчилик ҳужжатлари билан ҳам таништирилди.

–Назарий билимлари пухта бўлган инсон қайси соҳада фаолият юритмасин албатта муваффақиятга эришади, - дейди семинар иштирокчиси Меҳринисо Нуриллаева. —Тадбиркорликни бошлаш учун ҳам муайян билим талаб этилади. Семинарда биз ҳаётда кўп эшитган аммо моҳиятини тўла тушунмаган йўналишлар ҳақида қизиқарли маълумотларни олдик. Айниқса, тадбиркорликни бошлаш учун инсон ўзида мужассам этиши лозим бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва мақсадни тўғри аниқлаб олиши борасидаги маслаҳатлар менга маъқул бўлди.

Семинар-тренингда ўз бизнесини бошлаш арафасида турган 16 нафар ташаббускор хотин-қизларга туман тижорат банклари томонидан 154 млн. сўм миқдорда имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар  топширилди.      

–Тўғриси, тадбиркорликни бошлашдан олдин бир оз чўчиганман, - дейди тадбиркор Дилшода Саъдуллаева. —Айниқса, мен танлаган йўналиш мураккаблиги ва кўп меҳнат талаб қилиши билан ҳам иккиланишимга сабаб бўлган. Аммо O‘zLiDePга аъзо бўлиб ишбилармон аёллар фаолиятини яқиндан кузатишга ва бир нечта янги тадбиркорлар кашф этилишига гувоҳ бўлдим. Йиллар давомида партия фаолиятида қатнашиб, бизнесга оид билимларимни бойитдим ва “Аёллар қаноти” кўмагида “Миллий банк”дан чорвачилик йўналишини ташкил этиш учун 7 млн. 400 минг сўм миқдорида кредит олиш имконига эга бўлдим. Семинарда ёш сингилларимизга, опаларимизга партиянинг доимий ҳамроҳига айланинг, унинг ғояларини ўрганиб, ўз ҳаётингизда татбиқ этинг, дея мурожаат қилдим. Зеро аёлларни тадбиркорликка жалб этиш ва бу борада қўллаб-қувватлаш O‘zLiDePнинг асосий вазифаларидан биридир.

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!