“Билимдонлар аренаси”да қорақалпоғистонлик ёшлар

Ташрифлар: 59

Сана: 21.12.2016 17:45

Ҳозирги вақтда мамлакатимиз аҳолисининг 32 фоизини ёки 10 миллионини 30 ёшгача бўлган ёшларимиз ташкил этади. 

Ёшларимиз ҳақли равишда Ватанимизнинг келажаги учун жавобгарликни зиммасига олишга қодир бўлган, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал этувчи кучига айланиб бораётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли маърузаларида таъкидланганидек, ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этилади.

Ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкиллаштириш ҳамда уларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини инобатга олган ҳолда O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида “Билимдонлар аренаси” интеллектуал турнирининг Қорақалпоғистон Республикаси биринчилиги ўтказилди.  

Мазкур мусобақа Республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарларида ташкил этилиб, 15 та иқтидорли йигит-қизлар гуруҳи саралаб олинди.

– Ёшлар ўз иқтидор ва қобилиятларини тўла-тўкис намоён этишлари учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш партиямизнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади, – дейди O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Мухаббат Ахназарова. –Шу мақсадда партиямиз томонидан айнан ёшларга қаратилган 10 дан ортиқ лойиҳа ва кўрик-танловлар ҳар йили анъанавий тарза ўтказиб келинади. Шу кунга қадар мазкур лойиҳалар доирасида 1000 дан ортиқ бир-биридан иқтидорли, қобилиятли қорақалпоқ ёшлари кашф этилди.

Қизғин савол-жавоблар тарзида ўтказилган мусобақада тарих, география, адабиёт, ахборот технологиялари каби қатор фанлар бўйича ёшлар ўзининг топқирлиги, ҳозир жавоблиги билан фаол иштирок этдилар.

—Мусобақага 3 ой давомида пухта тайёргарлик кўрдик, - дейди Қўнғирот тумани “Факел” жамоаси аъзоси Галиакберова Наила. —Айниқса, мамлакатимиздаги сиёсий партиялар тарихи ва уларнинг бугунги кундаги фаолиятига оид саволларга қийналмасдан жавоб бердик. Сабаби, биз партиялар фаолиятига жуда ҳам қизиқамиз ва  мунтазам кузатиб борамиз. Бугунги мусобақа ҳам партия ташаббуси билан ўтказилаётганлигини кўриб, унинг амалий ишлари кўлами ниҳоятда кенг эканлигига амин бўлдик.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, 1-ўринга Қўнғирот тумани “Факел” жамоаси, 2-ўринга Нукус шаҳридан “Прайм” жамоаси, 3-ўринга эса Шўманой туманидан “Массагет” жамоаси лойиқ деб топилди.   

Ғолиб бўлган жамоалар ташкилотчилар томонидан димлом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

  O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

 Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!