Бизнес бошлашга тайёрмисиз?

Ташрифлар: 115

Сана: 15.03.2017 15:54

Бизнесни бошлашдан аввал аниқ фикрга келиш учун қуйидаги саволларга жавоб топа олиши керак:

- Мен турли ўзгаришларни қабул қила оламанми?

- Ўзгаларга ишона оламанми?

- Мен қийин бўлган фикр ва ечимлар қабул қила оламанми?

- Мен ўз ҳаётимга ўзгартиришлар киритишга тайёрманми?

- Оилам мени бу ишда қўллаб-қувватлайдими?

- Менда амалга оширмоқчи бўлган ишим ҳақида етарли билим ва малака борми?

Жавобингиз ижобий бўлса сиз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун илк қадамни қўйдим, деб хисоблайверинг. Демак, сиздаги тадбиркорликни бошлаш иштиёқи баланд ва бу билан қолган жараён бир мунча осон кечади.

Шу каби кичик социологик сўров билан бошланган “Ёш мулкдор – юрт таянчи” мавзуида семинар-тренинг навоийлик ёшларда катта таассурот қолдирди.

—O‘zLiDePнинг “Диплом билан бизнесга – 2017” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган бу каби семинарлар қайсидир маънода танловда иштирок этиши истагида бўлган ва ўз тадбиркорлигини бошлаш ниятида юрган ёшлар учун бошланғич дарс бўлди, - дейди O‘zLiDeP Навоий шаҳар Кенгаши бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш гуруҳи раҳбари Жасур Рустамов. —Малакали соҳа мутаҳассислари замонавий технологиялар асосида ўтказган мазкур семинарларда ёшларимиз ҳаттоки мутахассислар кўмагида ўз бизнес режаларини тузиб, мустақил ишини бошлаш учун керакли тавсиялар олишди.

Уюшмаган ёшлар қатлами яъни вақтинча ишсиз, фойдали иш билан банд бўлмаган ёшлар ҳам иштирок этган машғулотларда жисмоний ва юридик шахс сифатида тадбиркорликни йўлга қўйиш тартиблари батафсил тушунтирилди.

—Ўқишни тамомлаб, жисмоний шахс сифатида миллий қандолатчилик йўналишида ўз бизнесимни йўлга қўймоқчиман, - дейди Навоий шаҳар Техника касб-ҳунар коллежи 3 курс ўқувчиси Лобар Арзиқулова. —Бунинг учун ҳаридорлар истакларини ўрганиш, қандай шакл ва услубда товарлар тақдим этилиши кераклиги тўғрисида бошланғич билимларга эга бўлдим. Банк ходимлари эса кредит расмийлаштириш ва уни қайтариш тартиблари тўғрисида тўла тушунча бериб, бу борада керакли тавсиялар беришди.

– Ҳар қандай тадбиркорлик, энг аввало, пухта бизнес-режа, сўнгра молиявий маблағ орқали шакллантирилади, – дейди Ипак йўли банки Навоий шаҳар филиали кредитлаш бўлими мутахассиси Эркин Мардаев. – Ўз бизнесини бошлаш ва уни ривожлантириш истагида бўлган ёшларни молиявий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида банклар томонидан ҳар йили имтиёзли кредитлар ажратиб келинмоқда. Ўйлайманки, бугун партия ва банк ҳамкорлигининг кенг йўлга қўйилгани соҳани янада ривожлантиришда, янги-янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда, ўз навбатида, аҳолининг ишга эҳтиёжманд қисмини бандлигига кўмаклашишда муҳим омил бўлади.

Семинар давомида иштирокчиларига тадбиркорлик ва фермерликка оид билимларини янада бойитиш учун банк ҳамда партиянинг ўқув қўлланмалари тақдим этилиб, шу каби ўқувлар барча туманларда ўтказилишига келишиб олинди.

Ш. Азбергенов,

O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” фаоли

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!