Борар манзили аниқ карвонмиз

Ташрифлар: 40

Сана: 03.11.2016 15:09

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Тошкент вилоятида ҳам муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишга қизғин  ҳозирлик кўрилмоқда. Вилоятнинг 18 та шаҳар ва туманларида ташкил этилган 876 та сайлов участкасида сайловчилар учун қулай шароит яратилган.

– Бизни қувонтираётгани – юртдошларимизнинг ҳар бир масалага бефарқ эмаслигида, – дейди O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши раиси в.б. Тўлқин Файзиев. – Сайловчиларимиз, айниқса, бу сиёсий тадбирда илк бор иштирок этаётган ёшларимиз сайлов участкаларига келишиб, ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишмоқда. Бу жуда қувонарли ҳол. Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари дадил одимланаётгани ушбу сайлов жараёнида яна бир бор намоён бўлаяпти, десам янглишмайман. Вилоятимизнинг ҳар бир туман, шаҳарида сайлов участкалари аҳолига қулай жойларда ташкил этилди. Сайловчиларнинг ушбу жараён билан боғлиқ бирор мурожаати эътиборсиз қолмаяпти. Энг асосийси – ушбу сиёсий тадбирнинг юртимиз ҳаётида  тутган ўрни, аҳамияти ҳақида батафсил сўзлаб бериш учун малакали тарғиботчилар жалб этилди. Жумладан, партия вилоят Кенгаши қошида тузилган тарғиботчилар гуруҳи сайлов кампанияси давомида участкаларда бўлиб, тарғибот-ташвиқот ишини олиб боришмоқда. Бугунги кунда барча сайлов участкаларимиз Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Рес­публикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатилган Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли, иш фаолияти,  республикамизда олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг самарасидаги   хизматлари хусусидаги маълумотлар билан таъминланди. 

– Оддий касб эгаларининг меҳнати  дунёнинг бирор давлатида бизнинг юртимиздагидек қадрланмаса керак, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони,  O‘zLiDeP аъзоси Сайдали Раҳмонов. – Мен бир оддий экс­кваторчиман.  Қарийб 40 йилдан буён Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатида ишлаб келаман. Давлатимиз мендек оддий бир экскваторчини “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони билан тақдирладики, шундай муқаддас, тинч юртда яшаётганимиз учун Яратганга шукроналар айтаман. Аслида ҳаммамиз учун энг  олий неъмат – тинчлик, осойишталик осмондан тушган эмас. Уни яратган, унинг учун ўз ҳаловатидан кечаётганлар бор. Бугун эса барчамизнинг зиммамизга ана шу ёруғ йўлни янада ойдин қиладиган, Биринчи Президентимизнинг шарафли ишини давом эттирадиган инсонни юртга бош этиб сайлаш арафасидамиз. Мен аминманки, бизнинг борар манзилимиз аниқ. Карвонимизни шу пайтгача муносиб сарбон бошлаб келди, бундан буёғига ҳам муносиб сарбонга эга бўлишимизга ишонаман ва бунга ўз ҳиссамни қўшаман.

Вилоятнинг Қибрай туманида қарийб 200 минг аҳоли истиқомат қилади. Шундан 134 минг 256 нафари сайловда қатнашади. 2 минг 480 нафар йигит-қиз эса жорий сайловда илк бора иштирок этмоқда.

– Туманимиздаги 63 та сайлов участкасининг барчаси партиямиздан кўрсатилган номзод тарғиботини олиб бориш учун тарқатма материаллар, хусусан,  зарур жиҳоз, ҳуқуқий адабиёт, алоқа-коммуникация воситалари билан таъминланди, – дейди O‘zLiDeP Қибрай тумани Кенгаши раиси Зоид Абдуазимов. – Ҳозирда асосий эътиборимизни тарғибот-ташвиқот ишларига қаратганмиз. Шу мақсадда тузилган 25 кишидан иборат тарғибот гуруҳи туманимизнинг чекка қишлоқларида ҳам бўлиб, аҳолини номзодимиз – Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақиришмоқда.

– Мен тадбиркорман ва бундан ғурурланаман. Чунки мен давлатимиз, ҳукуматимизнинг доимий эътиборидаман. Эркин фаолият юритаман, маҳсулотимни эркин тасарруф қиламан, эркин ҳамкор танлайман, – дейди O‘zLiDeP аъзоси, Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати, тадбиркор Комил Мирсагатов. –  Зар қадрини заргар билади, дейдилар. Бизга берилган имтиёзу, имкониятларнинг қадрини хорижда бўлиб, у ердаги тадбиркорларнинг фаолияти билан қизиққан  кишигина англаб етади. Иш юзасидан дунёнинг бир қатор давлатларига сафарим чоғида ҳамкорларим билан мулоқотда бўлар эканман, уларга Ўзбекистонда тадбиркорлар учун яратилаётган шароит ҳақида  гапирганимда ҳавас қилишади. Ўзбекистон Республикаси Президенти яқиндагина имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулк­ни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони  биз тадбиркорларга янада катта имконият яратади, десам муболаға бўлмайди. Буларнинг барчаси, Биринчи Йўлбошчимиз Ислом Каримов танлаган ва бугунги кунда оғишмай давом эттириб келинаётган одил сиёсатнинг натижасидир. Бугун давлатимизда муҳим сиёсий жараён – Президент сайловини ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Мен мамлакатимиздаги 500 мингдан ортиқ тадбиркорларнинг, қолаверса, O‘zLiDePнинг қарийб 400 мингга яқин аъзосининг бир вакили сифатида ишонч билан айтаманки, фақат Биринчи Президентимизнинг муносиб ворисига, у кишининг йўлини, ишини давомчисига овоз бераман.  

Вилоят сайлов участкалари, ишлаб чиқариш корхоналари, фермер хўжаликларида бўлган киши одамлардаги уйғоқ  кайфият ва  мамлакат тақдирига бефарқ эмасликка гувоҳ бўлади, уларнинг қолаверса, юрт равнақи, тинчлиги йўлида бир оила аъзоларидек жам бўлган ҳолда амалга ошираётган ишларини кўриб, кўз қувонади.

“XXI asr”