БПТ аъзолари сайловолди тарғиботида фаол

Ташрифлар: 9

Сана: 16.11.2016 17:50

Жойларда сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини уюшқоқлик билан, самарали ташкил этиш учун бир гуруҳ партия фаоллари, депутатлар, сиёсатшунос олимлар ҳамда малакали мутахассислар жалб этилган. Улар иштирокида маҳаллалар, ташкилотлар ҳамда бошланғич партия ташкилотларида учрашувлар, очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ташкил этиляпти.

Ана шундай учрашувлардан бири O`zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши ташаббуси билан Бектемир туманидаги “COCA-COLA ichimligi Uzbekistan, LTD” МЧЖ корхонасида ўтказилди.

Тадбирда O`zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли ва дастури тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Қайд этилганидек, сайловолди дастурда мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли даромадлари ва ҳаёт сифатини муттасил ошириб боришга оид муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган. Шу билан бирга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби масалаларга алоҳида урғу берилган.

Учрашувда сўз олган “COCA-COLA ichimligi Uzbekistan, LTD” МЧЖ корҳонаси бош директори Фахриддин Норматов партиядан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастури юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги бардавомлик, тинчлик ва хотиржамлик, халқимиз  фаровонлигининг муттасил ошиб боришини таъминлаш йўлида фаолият олиб бораётган партия – O`zLiDePнинг ғояларига уйғун эканлигини ва унда илгари сурилган муҳим, устувор вазифалар халқимиз, юртимиз ривожи учун хизмат қилишига ишонч билдириб, корхона ходимлари ва тадбир иштирокчиларини Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

—Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, узоқ йиллар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга елкадош бўлган, ўзининг бутун меҳнат фаолиятини юртимизнинг гуллаб яшнашига, унинг ҳар бир ҳудудини беқиёс даражада ўзгаришига бевосита ҳисса қўшиб келаётган, ўз ҳаётини юрт тақдири билан боғлаб, шу туфайли ҳам юртдошлармиз орасида жуда катта ҳурмат, обрў-эътибор қозонган Шавкат Мирзиёев номзодини илгари суришни бугунги куннинг энг тўғри қарори деб, ҳисоблаймиз, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси Элбек Шукуров.      

Дарҳақиқат, номзоднинг сайловолди дастурида белгилаб қўйилганидек, фақатгина халқимизнинг шижоати ва қудрати, букилмас иродаси ва қатъияти, энг муҳими, мустақил тараққиётга бўлган ишончи буюк мақсадларимизга эришишнинг бирдан-бир кафолатидир.

Тадбир давомида корхонада очилган БПТ аъзолари учун сайловолди тарғибот ишларида ўз ҳиссаларини қўшиш ва фаоллик кўрсатишлари борасида бир қатор вазифалар белгилаб олинди.

Учрашувда сўзга чиққанлар сайловчиларни сайловда фаол иштирок этиб, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирдилар.

Гавхарой Тухтасинова,

O`zLiDeP Бектемир туман Кенгаши

аппарат раҳбари.