Бугунги мулкдор – эртанинг ишончи, таянчи!

Ташрифлар: 160

Сана: 24.10.2016 18:06

Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш,тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳада учраётган ғов ва тўсиқларни изчиллик билан ҳал этиш, ноқонуний аралашувларга чек қўйиш энг устувор вазифалардан ҳисобланади. Шу боисдан  бугун соҳани янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.   

O‘zLiDeP Наманган вилояти Кенгаши томонидан “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – жамият тараққиётининг муҳим омили” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида айни шу жиҳатлар кун тартибидан ўрин олди.  

Қайд этилганидек, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга,хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлар ва фермерлар фаолиятини янада мустаҳкамлайди, уларни эркин самарали иш юритишларини таъминлайди.

–Мамлакатимизда биз тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишлари учун кенг шароит яратилган.Ундан оқилона фойдаланиш ва ўз вазифасига виждонан ёндашиш тадбиркордан катта масъулият талаб қилади, – дейди  “Element Paint” МЧЖ менеджери, O‘zLiDeP аъзоси А.Ахмаджанов.– Ушбу ҳуқуқий ҳужжат эса сўнгги йилларда мамлакатда тадбиркорларга яратилаётган шароитларнинг мантиқий давоми бўлди.Шу боис мен давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятларга жавобан 2017 йилда корхона фаолиятини янада кенгайтириб, янги турдаги лок махсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш баробарида, ўз маҳсулотларимни хорижга экспорт қилмоқчиман.Ўйлайманки, бу режалар тез орада амалга ошади. Сабаби, бунда мен учун барча шароитлар муҳайё қилинган.   

Тадбир сўнггида корхонанинг 6 нафар ҳодимларига партия аъзолик гувохномалари ҳамда корхона жамоасига “Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада оширишга қўшган хиссалари учун” O‘zLiDeP вилоят Кенгашининг ташаккурномаси топширилди.

Иброҳим САТТАРОВ,

 O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши

 раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари