Энг яхши китобхонлар сараланди

Сана: 28.12.2016

O‘zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши, вилоят ҳокимлиги, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежи талабалари ўртасида “Энг яхши китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.  

Таъкидландики, бугун мамлакатимизда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, уларни китоб билан дўст бўлиши, аҳолининг китобхонлик савиясини янада ошириш, айниқса, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

–Бугун ҳам полиграфия ва китоб савдоси жадаллик билан ривожланишда давом этаётган бир пайтда китоб дўконига ташриф буюрган киши турли-туман мавзудаги ранг-баранг китобларни кўриб, “қай бирини ҳарид қилсам” дея ўйлаб қолиши табиий, – дейди танловнинг 1-ўрин соҳиби, Бухоро тиббиёт коллежи талабаси Умида Бурхонова. – Сабаби, китоблар ҳар қандай мавзуда бўлишидан қатъий назар фақат ва фақат яхшиликка, эзгуликка хизмат қилади. Бунга бугунги танлов давомида яна бир бор гувоҳ бўлдим. Ҳозир очиғи, фахрли 1-ўринга лойиқ топилганимдан ниҳоятда бахтиёрман, ҳаттоки хурсандчилигим ичимга сиғмай кетаяпти.

Юқори савияда ўтган бадиий кечада ёшларнинг Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли асарлари, шунингдек, таниқли адибларимиздан Ойбек, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Омон Мухтор, Муҳаммад Юсуф, Чингиз Айтматовлар  китобларидан  қанчалик хабардор эканликлари аниқ кўзга ташланди.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, фахрли 1-ўринга Бухоро тиббиёт коллежи талабаси Умида Бурхонова, 2-ўринга Шофиркон туман иқтисодиёт коллежи талабаси Гулифар Саломова, 3-ўринга эса Пешкў қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи талабаси Мадина Низомовалар лойиқ деб топилди.  

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, танловда вилоятдаги 88 та касб-ҳунар коллежидан 80 нафар ёшлар иштирок этишди.

Танлов сўнггида ғолиблар ташкилотчилар томонидан димлом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

           O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!