Умрбоқий қадрият

Ташрифлар: 44

Сана: 03.01.2017 16:07

Ўзбек халқининг асрлар оша давом этиб келаётган қадриятлари бугунги кунда ҳам бутун дунёни лол қолдириб келмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кечагина эълон қилинган “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони  бухоролик барча нуронийлар – отахону онахонларни бағоят қувонтириб юборди. Бугун ҳар бир дуогўй кексаси бор хонадонда ана шу муҳим ҳужжатнинг мазмун-моҳияти хусусида самимий фикрлар айтиляпти, дуолар қилиняпти.

Жамғарма номининг Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси  шаклидаги “Нуроний” жамғармаси  сифатида ўзгартирилганлиги кўнгилдаги иш бўлди. Энди жамғарма жамият бошқаруви тизимидаги оддий ташкилот эмас, балки жуда ҳам муҳим вазифалар юклатилган тузилмага айланди.

Бухорода кекса инсонлар аҳолининг  11 фоизга яқинини ташкил этади. Фахрийларнинг катта ҳаёт тажрибаси мамлакатнинг улуғвор бойлиги-да!  Уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий  ҳаётида  тўла ҳуқуқли равишда фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар  яратиш, катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилишдаги ажойиб ролини ошириш каби имкониятлардан кенг фойдаланиш ушбу фармон руҳига сингдирилганлиги билан катта аҳамиятга эгадир. 

Эндиликда кексалар учун назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари қоидалари ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда  ёлғиз кишилар ва эҳтиёжманд кексаларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, кексалар учун уларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда ҳар хил ижтимоий-маданий тадбирларни ўтказиш борасидаги вазифалар “Нуроний” жамғармасига юкланганлиги фаолиятимизни янги босқичга кўтариши шубҳасиз.

Президентимиз фармонида белгиланганидек, 2017 йил 1 сентябргача ҳар бир туман ва шаҳарда маданият ва дам олиш истироҳат боғлари ҳудудида “Нуронийлар маскани” мажмуаларининг бунёд этилиши, уларда ўқув заллари, ҳордиқ чиқариш хоналари, даволаш физкультураси, шунингдек, овқатланиш хоналари ва тиббий кабинетларни ташкиллаштириш, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида  кексалар, ногиронлар ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун янги санаторийларнинг қурилиши, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона  вилоятларида очиқ юракда жарроҳлик операцияларини ўтказиш учун кардиохирургия марказларининг ташкил этилиши  кекса авлодга нисбатан юксак эътибор намунаси бўлди, десам янглишмайман.

Яна бир эътиборли жиҳати, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонининг таъсис этилиши, ушбу нишон билан тақдирланган шахслар тўғрисида “Бизнинг фахрийларимиз” китоб-фотоальбомини юритиш ҳамда улар яшайдиган хонадонлар ва уй-жой эшикларида махсус ёзувли белгиларнинг ўрнатилиши тўғрисидаги кўрсатмалар – бундай эътибор ва рағбатни таърифлашга тил ожизлик қилади.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан нуронийларга кўрсатилган улкан эҳтиром, ўйлайманки, бизларнинг умримизга умр қўшади, руҳимизни тетик, қалбимизни фахру ифтихорга тўлдиради, янада фаолроқ бўлишга чорлайди.

Самойдин  ҲУСЕНОВ,

“Нуроний” жамғармаси

Бухоро вилоят Кенгаши раиси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!