Чироқчида чироқсиз мактаб бор...

Ташрифлар: 145

Сана: 09.03.2017 16:39

Чироқчи туманидаги Файзулла Хўжаев ҳудудига қарашли Ободон қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 129-мактабда 450 нафар ўғил-қиз таҳсил олади. Мактаб 2009 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса-да, ҳанузгача электр токи билан таъминланмаган. Демак, истиқболимиз эгалари бўлган ёшлар шунча вақтдан буён замонавий илм – компьютер сабоқларидан бебаҳра қолиб келишмоқда. Мазкур масъ­улиятсизлик ортидан келадиган маънавий бўшлиқ ўрнини билимсизлик, лоқайдлик тўлдирмаслигига ким кафолат беради? Илм маскани электр энергиясисиз фаолият кўрсатаётганидан наҳотки  тегишли идора раҳбарлари бехабар бўлишса?

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида ана шундай муаммоларнинг ечимини топиш, ёшларнинг пухта билим олиши учун зарур шароит яратиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида қилинаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг эшитуви ташкил этилди. 

– Жорий йилда вилоят бўйича 375 километрли электр тармоғи ва 47 та трансформатор пунктларини реконструкция қилиш, 84 километр электр тармоғи ва 20 та трансформатор пунктларини янгидан қуриш учун 38 миллиард 700 миллион сўм маблағ сарфланади, – деди Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик жамияти эксплуатация ва техник масалалари бўйича директори Сирожиддин Асқаров. – Дастлабки ярим йилликда носозлик туфайли узилишларга сабаб бўлаётган 877 километр электр тармоқлари, 400 та трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланади. Олдимизда турган энг долзарб муаммо бу – етказиб берилган  электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида ундириш, дебитор қарздорликни қисқартиришга асосий эътибор қаратишдир. Ўтган йили вилоятга 875 милилард 400 миллион сўмлик электр энергияси етказиб берилган бўлса-да, аҳоли қарздорлиги 6 миллиард сўмга ошган. Айниқса, Қарши шаҳри, Ғузор, Чироқчи, Қарши, Шаҳрисабз туманларида фойдаланилган энергия учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаётгани боис қарздорлик йил сайин ортиб бораётир. Тарғибот-ташвиқот ишларини ҳар қанча кучайтирмайлик, фуқароларимиз электр ҳақини ўз вақтида тўлаш - таъминотни яхшилашини тушуниб етишмаяпти. Эндиликда дебитор қарздорлиги мавжуд ёки олдиндан тўловни амалга оширмаган ҳамда ноқонуний уланган истеъмолчилар тармоқдан узилиб, уларга электр энергияси бериш қатъиян тўхтатилади. Мақсадимиз – таъминотни янада яхшилаш учун қарздорлик бўлмаслигига эришиш. Газлашмаган ҳудудларда аҳоли учун электр энергия тўлови 50 фоизга арзонлаштирилган.

Шундан сўнг вилоят Архитектура ва қурилиш бош­қармаси бошлиғининг ўринбосари Расул Шоймардонов ҳамда вилоят автомобиль йўллари бошқармаси бошлиғи Камол Маҳкамовнинг ҳисоботлари эшитилди.

– Депутатлик гуруҳларининг вилоят, туман, шаҳар партия ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлашини таъминлаш, фаолияти ҳақидаги ҳисоботларни мунтазам эшитишнинг самарали тизими яратилди, – дейди вилоят Кенгаши депутатлар билан ишлаш сектори мудири Сарвар Бекмуродов. – Давлатимиз раҳбарининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти эркинлигини ривожлантиришга қаратилган қарор ва фармонларидан келиб чиқадиган партия депутатлик гуруҳларининг асосий вазифалари, назорат органлари томонидан хўжалик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларга йўл қўйилмаслигини таъминлашда депутатлар фаоллигини янада ошириш борасида асосли фикрлар билдирилди. Ҳар ойда депутатлик гуруҳи йиғилиши ўтказилиб, унда вилоят аҳлини қийнаб келаётган  масалаларнинг мақбул ечимларини топиш борасида изланаяпмиз. Депутатлар томонидан  ичимлик суви, табиий газ ва электр таъминотини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун молия муассасаларидан ёшларга имтиёзли кредитлар ажратишга кўмаклашиш, касаначиликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш борасида амалий ишлар қилинди. Жойларда кенг кўламда ташкилий-партиявий, ғоявий-сиёсий масалалар тарғиботини амалга оширдик.

Йиғилиш сўнгида O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан мавжуд муаммо ва таклифларни мунтазам равишда ўрганиб мониторинг қилиб бориш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди. Депутатлик гуруҳи аъзолари ижро этувчи идоралар раҳбарларининг қонунлар, давлат дастурлари ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси юзасидан эшитувларини ташкил этишнинг муҳим ва таъсирчан усулларини ишлаб чиқиш, бошланғич партия ташкилотлари ва халқ депутатлари Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг жойлардаги муаммоларини ўрганиш, уларни партиявий воситалар орқали ҳал этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

ТАҲРИРИЯТДАН: Мухбиримиз ўз мақоласининг биринчи хатбошисида кўтарилган муаммога ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик жамияти эксплуатация ва техник масалалари бўйича директори Сирожиддин Асқаровга мурожаат этганида, у Чироқчи туманидаги 129-мактаб тез орада электр энергияси билан тўла таъминланишига ваъда берилганлигини билдирди. Таҳририят бу мавзуга яна қайтади.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!