Чуқур таҳлил, танқид асосида

Ташрифлар: 108

Сана: 19.05.2017 15:25

Кимдир кимнидир йўқлаб келиб, ­учрашса – бу аввало эътибор, ҳурмат. Давлат идоралари вакиллари, раҳбарлари одамлар билан учрашса, мулоқот қилса – бу фуқаро ҳуқуқи, эркинлиги, шаънини ҳимоя қилиш, муаммоларини ҳал этиш, инсонни қадрлаш дегани. Жорий йилни Президентимиз томонидан юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилиниши замирида ҳам ана шундай эзгу мақсадлар мужассам.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 1 майидан 10 майига қадар Олий Мажлис қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Содиқжон Турдиев ҳамда Паркент тумани депутатлари жойлардаги ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, шунингдек, хизмат кўрсатиш идораларининг ўз вазифаларини қай даражада бажараётганини ўрганди.

Дастлаб депутатлар ва сенаторлар ҳудуддаги аҳоли қатламлари, жумладан, ёшлар, тадбиркорлар, фермерлар ижтимоий соҳа ходимлари билан бевосита мулоқотда бўлди, улар билан учрашди. Маҳалла ва гузарлардаги  906 та хонадонга ташриф буюриб, ҳар бир хонадон вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилди.

Мулоқотлар жараёнида аҳоли томонидан 15 та соҳага оид жами 1 минг 178 та масала кўтарилди. Уларнинг аксарияти уй-жой ажратиш, коммунал хўжалиги, бандлик, соғлиқни сақлаш, банк кредитлари, транспорт ва йўл қурилиши билан боғлиқ масалалардир.  

Диққатга сазовор томони шундаки, аҳоли кўтарган муаммоларнинг 224 таси бевосита жойида ҳал этилди. Жумладан, Бошқизилсой, Бўстон, Заркент, Намданак, Сўқоқ, Қорақалпоқ, Чанги, Ҳисарак қишлоқларида яшовчи 110 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун 614,1 миллион сўм миқдорида кредит олишида амалий кўмак берилди.

Шунингдек, туман даражасида ҳал этилиши лозим бўлган яъни, тижорат банклари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун кредит маблағлари ажратиш, савдо ва маиший шохобчаларини тўлов терминаллари билан таъминлаш, жойларда йиғилиб қолган чиқиндиларни бартараф этишга оид 74 та масалани ҳал этиш юзасидан тегишли маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга кўрсатмалар берилди, уларнинг бажарилиши ижро назоратига олинди.

–Мулоқотлар давомида шу нарса аён бўлдики, туман аҳолисининг соғлиқни сақлаш тизимига эътирози талайгина, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Содиқжон Турдиев. – Чунончи, туман марказий шифохонасининг қабул бўлими эски мослаштирилган бинода фаолият кўрсатмоқда. Муассаса тоза ичимлик суви, иссиқ сув билан таъминланмаган. Бўлимда малакали шифокорлар, замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари етишмайди. Малакали врачларга талаб бор.  Энг ачинарлиси, бу борада туман тиббиёт бирлашмаси томонидан сўнгги ойларда тор мутахассисларни жалб қилиш бўйича чоралар кўрилмаган. Фақат битирувчилар ўртасида суҳбат ўтказиш билан чегараланган, холос.

Муаммолар фақат тиббиёт соҳасида эмас. Бошқа соҳаларда ҳам муаммолар талайгина. Масалан, туманда 49 та умумтаълим мактаблари бўлиб, 2004-2017 йиллар оралиғида Давлат Манзилли дастури асосида 4 та янги мактаб қурилган. 20 та мактаблар қайта реконструкция қилинган. 18 та мактаблар капитал таъмирланган. Аммо аҳоли сони кескин ортиб бораётгани туфайли 5 та ҳудудда янги мактаб қурилишига эҳтиёжи бор.

Шунингдек, туманда 6 та ўрта махсус касб-ҳунар коллежи мавжуд бўлиб, 20 дан ортиқ йўналишларда 5608 нафар ўқувчилар касб-ҳунар ўрганмоқда. Туман ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан келиб чиққан ҳолда 20 дан ортиқ таълим йўналишларида 80га яқин ихтисосликлар тайёрланади. Ҳозирги кунда  коллежларда таҳсил олаётган ўқувчилар сони 3525 нафарни ташкил этади. Бироқ битирувчиларни қамраб олиш масаласида муаммолар кўп.

Хуллас, ўрганишлар давомида тижорат банкларининг фаолияти, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, электр энергияси, табиий газ билан таъминлаш, ички йўлларнинг ҳолати, аҳолига маданий хизмат кўрсатиш борасида анчагина камчилик борлиги аён бўлди. Камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш юзасидан раҳбарлар, мутасаддилар олдига зарур вазифалар қўйилди.

Тўйчи Дўсматов,

O‘zLiDeP Паркент туман

Кенгаши раиси 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!