Долзарб масалалар муҳокамасига бағишланди

Сана: 11.08.2017 17:15

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши ҳамда Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида “Ишбилармонлик муҳитини ва инвестициявий иқлимни яхшилаш борасида вилоятда олиб борилаётган ишлар” мавзуида тадбир ташкил этилди. Унда Президентимизнинг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилди.

Тадбирда сўз олганлар, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида мустаҳкам қонунчилик базаси яратилганлиги, давлат хизматлари кўрсатишнинг тўғридан-тўғри мулоқотсиз замонавий интерактив шакллари жорий этилиб, давлат билан ишбилармонлар ўртасида тизимли мулоқот йўлга қўйилганлиги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда яқиндан ёрдам бераётганлигини алоҳида эътироф этдилар.  

Вилоят Давлат Божхона қўмитаси бўлим бошлиғи Шавкат Ҳамроқуловнинг таъкидлашича, айни вақтда қўмита томонидан 22 турдаги интерактив давлат хизматлари амалиётга жорий этилган. Шу билан бирга ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан товарларни электрон деклорациялаш амалга оширилган бўлиб, ушбу хизмат жорий қилингач, сўнгги икки йилда 99 фоиз божхона юк декларациялари электрон шаклда расмийлаштирилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу хизматдан 10 мингдан ортиқ тадбиркор фойдаланиб, божхонага мурожаат этмасдан шартномага тегишли маълумотларни бевосита электрон шаклда олган.

– 2017 йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида  277 та (24 гектар) объектлар очиқ танлов савдолари орқали тадбиркорлик субъектлари берилди. Иккинчи ярим йилликда эса 64 та объектлар савдога қўйилади, – дейди вилоят Архитектура ва қурилиш Бош бошқармаси бўлим бошлиғи Жаҳонгир Ҳазратов. – Ҳозирга қадар бошқармамизга ер ажратиш бўйича тадбиркорлардан 41 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг барчасини ижобий ҳал этиш борасида амалий ишлар қилинаяпти. Бундан ташқари, бошқарма қошидаги архитектура-шаҳарсозлик кенгашида 244 та лойиҳалар кўриб чиқилиб, 223 таси тасдиқлашга тавсия этилган.

Тадбирда тадбиркор ва фермерларни қизиқтирган барча саволларга вилоят ташкилотлари ва бошқармалари раҳбарлари, мутассади вакиллари, атрофлича жавоблар қайтаришди. Айрим муаммоли масалаларни шу ернинг ўзида ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди. 

               O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

154