Эл дардига дармон бўлиб

Ташрифлар: 245

Сана: 07.04.2017 11:14

Аввал хабар қилганимиздек, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига сайланган  депутатлар айни кунларда Тўрақўрғон туманидаги бир қатор хонадонларда аҳолининг яшаш шароитлари билан танишиб, улар билан  суҳбатлашмоқдалар.

Сенатор Солижон Мўминов “Ермасжид”, “Темирқишлоқ” ва “Олчин” маҳаллаларида жойлашган жами 40 га яқин  хонадонларда бўлди. Мулоқотлар давомида “Ермасжид” маҳалласида яшовчи фуқаро Фотима Турғуналиева ногиронлик аравачаси, Тожипошша Абдуллаева эса даволаниш учун йўлланма ажратилишида, Абдурасул Абдуллаев ва Абдуғаффор Сотиболдиевлар эса парранда боқиш учун “Миллийбанк”дан кредит ажратиш масаласида кўмак сўрадилар. Уларнинг бу мурожаатлари туман тиббиёт бирлашмасига ҳамда “Миллийбанк” туман бўлимига ҳал қилиш учун юборилди.

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Иброҳим Ҳожиев эса тумандаги “Бураматут”, “Калвак”, “Қумидон”, “Тепа Найманча”, “Лангарбобо”, “Янадам” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳоли билан мулоқот ўтказди. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинаётган айрим қонунлар ҳақида тушунча берди.    

- Тасарруфимизда 100 бош қўй ва 21 бош молимиз бор, - дейди суҳбат жараёнида фуқаро Турғунбой Қўшоқбоев. – Аҳолини арзон ва сифатли гўшт, сут маҳсулотлар билан таъминлашга ҳисса қўшиш учун қўлдан келганча ҳаракат қиляпмиз. Лекин бу ҳайвонларни боқиш учун яйлов йўқ. Шу масалада ёрдам берилса, фаолиятимизни янада кенгайтирган бўлардик.

-Президентимизнинг ҳар бир фуқаро тадбиркорлик билан шуғулланиши керак, бунда банклар амалий ёрдам бериши лозим, деган сўзларидан руҳланиб хонадонимизда иссиқхона ташкил этмоқчи бўлдик, - дейди шу маҳалла фуқароси Ўсарбек Қодиров. –“Халқбанки” туман бўлимига кредит сўраб мурожаат қилдик, зарур ҳужжатларни тайёрлаб топшириб ҳам қўйдик. Лекин ҳозиргача натижа йўқ.  

Фуқаролар Мастура Зияева Шоҳидон, Ободон, Каттақўрғон, Қумидон, Гулистон маҳаллаларидаги ички йўлларни таъмирлаш, Гулнора Эргашева эса Яндама қишлоғидаги 14, 16, 18, 45, 51-мактаблар катта йўл ёқасида жойлашганлиги боис, бахтсиз йўл ҳодисаларини олдини олиш учун йўловчилар ўтиш чизиғи, махсус белгилар ўрнатиш таклифларини илгари сурдилар.  

—Президентимиз таъкидлаганларидек, халқ давлат идораларига эмас, аксинча, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, - дейди депутат Иброхим Хожиев. –Буни аҳоли билан бўлаётган самимий мулоқотлар жараёнида чуқур ҳис этмоқдамиз. Уларнинг фикр-мулоҳазаларини, таклифларини эшитиб, туман, вилоят миқёсидаги масалаларни шу жойнинг ўзида ҳал этиш чораларини  кўряпмиз. Тегишлилигига қараб маҳаллий ҳокимликларга, давлат бошқаруви идоралари раҳбарларига ҳавола этяпмиз ва албатта бажарилишини ҳам назоратга оляпмиз.

Комилжон  ФАЙЗИЕВ,

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати раҳбари

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!