Эркин иқтисодий зоналар – кенг имкониятлар майдони

Ташрифлар: 125

Сана: 10.08.2017 19:00

Ўтган асрнинг ўрталарида жаҳон амалиётида пайдо бўлган хўжалик юритишнинг нисбатан янги шакли эркин иқтисодий зоналардан бугунги кунга келиб, нафақат сармояларни жалб қилиш, балки ҳудудий иқтисодий сиёсат воситаси сифатида ҳам кенг фойдаланилмоқда.

Президентимиз томонидан куни кеча қабул қилинган “Эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатиши учун вазирликлар, идоралар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мувофиқлаштиришни кучайтириш ва уларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги қарори ана шундай бир қатор аниқ мақсадларни кўзда тутиб, партиямиз дастурида алоҳида қайд этилганидек, ҳудудлар инвестицион жозибадорлигини ошириш, йирик ишлаб чиқаришлар атрофида саноат ишлаб чиқариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини фаол жалб қилиш билан қўшимча қиймат занжирини шакллантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга хизмат қилади.

Кўпчиликка яхши муълумки, мамлакатимизда истиқлол йилларида ЭИЗлар фаолиятини тартибга соладиган мустаҳкам қонунчилик ва меъёрий база яратилиб, уларни ривожлантириш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этишга кўмаклашадиган кенг кўламли солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар тизими шакллантирилди. Бугунги кунга келиб, республикамизнинг 10 минтақасида 14 ЭИЗ ташкил этилди ва улар самарали фаолият юритиб келмоқда.

Аммо қарорда қайд этилганидек, олиб борилган кенг кўламли ислоҳотларга қарамай ҳали-хануз ЭИЗларни жадал ривожлантириш ва уларни самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилаётган қатор муаммолар ва ҳал этилмаган масалалар афсуски сақланиб қолаётган эди.

Президентимиз айни масалага мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида алоҳида эътибор қаратиб, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида ўтган 8 йил мобайнида атиги 24 та лойиҳа амалга оширилиб, уларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улуши жуда пастлиги ва атиги 900 нафар одам ишга жойлаштирилганини, принципиал жиҳатдан янги асосларда “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналари ташкил қилиниши, ўтган йиллардаги хатоларни яна такрорлашга энди йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида қайд этган эди.

Шу нуқтаи назардан қарорда инвестиция лойиҳалари портфелининг сифати пастлиги, ЭИЗ ҳудудида етакчи хорижий компаниялар иштирокида, аввало, маҳаллий минерал-хомашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, шунингдек, жаҳонга машҳур брендлар остида экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича юқори технологияли маҳаллийлаштирилган замонавий корхоналар ташкил этиш ишлари суст амалга оширилаётгани, шу билан бирга ҳозиргача, ЭИЗ иштирокчилари тадбиркорларга ишлаб чиқараётган маҳсулотини ички ва ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш жараёнлари муддати асоссиз чўзилаётгани ва улар томонидан рақобатдош, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ҳамон пастлигича қолаётгани каби камчиликлар қайд этилиб, уларни бартараф этиш бўйича давлат органлари ва соҳага дахлдор бўлган ташкилотлар одидаги вазифалар аниқ белгилаб берилди.

Хусусан, қарорда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус идоралараро комиссия тузилиши белгиланиб, унинг вазифалари аниқ кўрсатиб ўтилди. Мазкур комиссия ЭИЗ ҳудудида лойиҳаларни амалга оширадиган инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, ЭИЗ иштирокчилари хўжалик субъектлари фаолиятини самарали ташкил қилиш, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кўпайтиришга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга доир таклифларни белгиланган тартибда тақдим этиб боради.

Ёки бўлмаса, ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича вазирлик, идора, тижорат банклари, жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини аниқ мувофиқлаштириб, улар томонидан бюрократизм ва сансалорликка йўл қўймасликка доир тезкор чоралар кўради, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари қўллашга доир таклифларни киритиб боради. Эътиборга молик жиҳати буларнинг барчаси энг аввало кичик бизнес ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқдир. Таъбир жоиз бўлса, шуни алоҳида айтиш керакки, мазкур қарор орқали ЭИЗларда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига турли имтиёз ва қулайликлар тақдим этилиши, уларнинг ўз ташаббус ҳамда лойиҳаларини иккиланмасдан, қатъият билан рўёбга чиқариб, бизнесини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. 

Албатта, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини оширишда, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, мавжуд камчиликларни бартараф этишнинг ўзига хос ва бетакрор механизмини жорий қилиш мақсадлари кўзланган қарорнинг бажарилишида катта масъулият билан фаол қатнашиш, тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда фидойилик кўрсатиш партиямиз ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Шу боис, O‘zLiDeP ўзининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари орқали мазкур қарорда белгилаб берилган вазифаларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ижро этилиши устидан таъсирчан парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши керак, бўлади. Бунда хусусан, Навоий ва Жиззах вилоятлари, Ангрен ва Қўқон шаҳарлари, Ургут, Ғиждувон ва Хазорасп туманларида ташкил этилган эркин иқтисодий зоналарнинг, шунингдек, фармацевтика соҳасига ихтисослашган “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарининг хорижий инвестициялар ва замонавий илғор технологияларни жалб этиш, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп, жаҳон бозорларида рақобатдош махсулотларни ишлаб чиқариш борасидаги фаолиятини самарали мониторинги индикаторларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Бундан ташқари, янги кичик саноат зоналари ва технопаркларни ташкил этиш ва фаолият юритаётганларининг самарадорлигини ошириш орқали кичик бизнеснинг саноат ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш ва қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган инвестиция фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базасини, шу жумладан, “Хорижий инвестициялар тўғрисида”ги, “Хорижий инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонунларни танқидий-таҳлил қилиш ва уларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича аниқ таклифлар бериш, қолаверса, жаҳон мамлакатларнинг бу соҳадаги тажрибасини ўрганиш натижасида тўғридан-тўғри амал қиладиган, инвестиция фаолияти, хорижий инвестицияларнинг кириб келишини қўллаб-қувватлайдиган, инвесторларнинг ҳуқуқларини кафолатлайдиган “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш партиямизнинг айнан ушбу қарор талабларидан келиб чиқадиган долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Мухтасар айтганда, ўз вақтида қабул қилинган мазкур қарор мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, унинг самарадорлигини ошириш, қолаверса, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш ва рағбатлантиришнинг ўзига хос ва бетакрор механизмини жорий этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. 

Насимжон АЛИМОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

мафкуравий ишлар бўйича бўлим мудири,

иқтисод фанлари номзоди

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!