Эътибор ва рағбат

Ташрифлар: 146

Сана: 05.05.2017 13:52

Халқ депутатлари Бешариқ тумани Кенгаши депутати “Водий наслли парранда” хусусий кичик корхонаси раҳбари Боҳиржон Турдалиев Фарғона вилояти прокуратурасининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

Албатта, Б.Турдалиев ушбу рағбатга муносиб десак асло муболаға бўлмайди. Зеро, у паррандачилик соҳасини янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш мақсадида замонавий-хорижий технологияларни олиб келиб, янги паррандачилик цехини ишга туширди.

Айни пайтда компьютерлаштирилган технология асосида корхонада 150 минг бош парранда парваришланмоқда. Улардан бир ойда ўртача 1,5 миллион дона тухум олиниб, туман аҳолиси, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда сиҳатгоҳларга арзон нархларда етказиб берилмоқда.

Сафдошимиз паррандачилик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган ёш тадбиркорлардан ҳам ўзининг беминнат ёрдамини аямаяпти. Хусусан, сўнгги уч йил мобайнида туманда 14 нафар ёш тадбиркорга 1500 бош товуқ бериб, уларнинг иш бошлашлари учун имкон яратиб берди.

Изланувчан Б.Турдалиев деҳқончилик ва асаларичиликни ҳам йўлга қўйган. Айниқса, унинг туманни ободонлаштириш, кам таъминланган оилалар ва имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслари эътирофга лойиқ. Натижада 46 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага умумий қиймати 22,5 миллион сўмлик беғараз ҳомийлик ёрдами кўрсатилган. Шунингдек, болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, тумандаги ногиронларни қўллаб-қувватлаш маркази, Қўқон шаҳридаги 64-сонли махсус болалар боғчаси ва 17-сонли Меҳрибонлик уйига 12,8 миллион сўмлик ўқув қуроллари ҳамда спорт анжомларини туҳфа этди. Бундан ташқари, хусусий корхона томонидан тумандаги фермер хўжаликлари экин майдонларининг унумдорлигини ошириш мақсадида мунтазам равишда кунига ўртача 20 тоннадан маҳаллий ўғит етказиб берилмоқда.

Бир сўз билан айтганда,  партиядошимизнинг ҳам депутат, ҳам тадбиркор сифатида қилаётган фидойи меҳнати ҳар қандай эътироф ва рағбатга лойиқ.

Хуршид СУЛТОНОВ,

  “ХХI asr” мухбири 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!