Фарғонада 657 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади

Ташрифлар: 106

Сана: 19.12.2016 16:12

Бугунги кунда Фарғона аҳолисининг 81 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида фаолият кўрсатиб, даромад топмоқда.

Бу ҳудудда қулай ишбилармонлик муҳити яратилганлигидан, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва давом эттириш учун барча шарт-шароитлар мавжуд эканлигидан далолат беради.

Қува тумани “Қуббо принт Назиржон” МЧЖда O'zLiDeP Қува туман Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини партия электорати ўртасида кенг тарғиб қилиш, фармонда белгилаб берилган устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида мазкур жиҳатлар қайд этилди.

Халқ депутатлари Қува туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, тадбиркор ва фермерлар иштирок этган тадбирда мазкур фармонда белгиланган устувор вазифалар хусусида атрофлича маълумот берилди.

Жумладан, фармон билан тасдиқланган Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг Фарғона вилоятига тегишли қисмида қайд этилганидек, келгуси беш йилда 16 мингдан ортиқ янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектини ташкил этишга ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг умумий сонини 35 мингга етказиш чоралари кўрилади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан уларга ажратиладиган кредитлар миқдори шу даврда камида 3 баробар кўпайтирилиши бу борада яна бир катта имконият бўлади.

Марғилон ва Қувасой шаҳарлари, Олтиариқ ва Ўзбекистон туманларида 28 гектар ерда кичик бизнес учун ташкил этилган 4 та махсус саноат зонаси кенгайтирилиб, бошқа туманларда ҳам шундай ҳудудлар яратилади.

—Фармоннинг ижросини таъминлаш давомида вилоятимизда кимё саноатини, рангли ва нодир металлар, углеводород хомашёси, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича қабул қилинган 8 та махсус дастур ижросига алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилади, - дейди "ABDUMUTALOVA GULSHANOY FAYZI" оилавий корхонаси раҳбари Г.Абдумуталов. — Шунинг баробарида яқин беш йилда умумий қиймати қарийб 40 миллиард доллар бўлган 657 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Бу вилоятимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар кўпайтириш имконини беради.

Давра суҳбати якунида жойларда, бошланғич партия ташкилотларида мазкур Фармонни амалиётга татбиқ этиш, унинг мазмун-моҳиятини тадбирлар, давра суҳбатлари ва семинарлар орқали партия электорати ва кенг жамоатчиликка тушунтириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

О.Бекмирзаева,

O'zLiDeP Қува туман Кенгаши

БПТ консультанти

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!