Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур

Ташрифлар: 19

Сана: 17.10.2016 16:34

O`zLiDeP томонидан мамлакатда соғлом она, соғлом фарзанд тамойилини шакллантириш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Партиянинг Жиззах вилояти Янгиобод туман Кенгаши томонидан “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида “Жисмоний, маънавий камолот уйғунлиги-соғлом ва фаровон турмуш гарови” мавзуида ўтказилган давра суҳбати айни шу мақсадга қаратилди.

Қайд этилганидек, бугун Ўзбекистонда мустаҳкам оила қуриш ва соғлом фарзанд туғилишини таъминлаш, ҳомиладор аёллар соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш, қиз болаларни, хусусан, бўлажак оналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимиз томонидан доимий эътиборда.

  –Бугун туманимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини таъминлаш, тиббий маданиятни кучайтириш, ҳар томонлама соғлом фарзандлар туғилишини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда,–дейди партиянинг туман Кенгаши раиси У.Бекмуродов.– Жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши мазкур йўналишда олиб бораётган ишларимизни  изчил  давом эттириш ва юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда шунингдек, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, эрта никоҳ қуришнинг олдини олиш, ҳар хил юқумли касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича аҳоли орасида малакали тиббиёт ходимлари билан биргаликда тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб бориш кераклиги қайд этилди.

Тадбир сўнггида соҳа мутахассислари томонидан соғлом турмуш тарзини акс эттирувчи слайд намойиш этилди ва бу борада иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлари билан соҳа мутахассисларига мурожаат этиб, батафсил жавоблар олишди.

                          O`zLiDeP Жиззах вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати. 

O‘zLiDePнинг «facebook» даги расмий саҳифаси ва «telegram» даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!