Файзулла лимончи бу йил томорқасидан 25 миллион сўм фойда олмоқчи

Ташрифлар: 129

Сана: 12.10.2017 14:23

“O‘zLiDeP бошланғич партия ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси доирасида партиянинг Қашқадарё вилоят ҳамда Қамаши туман Кенгаши ходимлари ҳозирга қадар 200 га яқин хонадонда бўлишди. Тадбирлар давомида 30 дан ортиқ кам таъминланган оилаларга кузги саримсоқ-пиёз, сабзи ва бошқа сабзавот экинлари экиш учун уруғлик олиб берилди.

– Қамашилик O‘zLiDeP аъзоси Файзулла бобо Қурбоновнинг лимончилик тажрибаси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган ёшлар ўртасида оммалаштирилмоқда, – дейди вилоят Кенгаши БПТлар билан ишлаш гуруҳ раҳбари Алибек Раҳматов. – Гап шундаки, бундай лимонзорни ташкил этишда электр ва табиий газ таъминоти шарт эмас. Танланган жойни икки метрча ковлаб, лимон кўчатлари экилади ва усти қамиш ва плёнка билан ёпилади. Натижада 4-5 даража совуқда ҳам иссиқхона 5-10 даража иссиқ бўлади. Файзулла бобо бундан тўрт йил олдин шундай иссиқхона ташкил этиб, Сурхондарё вилоятидан 100 дона лимон кўчати келтириб, эккан эди. Дастлаб 4 сотих иссиқхонадан ўтган йили 12 миллион сўм соф фойда олган эди. Бу йил 25 миллион сўмни мўлжаллаб турибди. 

Депутатлар, партия фаоллари ва ёшлар иштирокидаги мулоқотларда тажрибали лимончи иштирок этиб, цитрус мевалар етиштириш борасидаги тажрибаси ҳақида сўзлаб беряпти. Ёшлар лимонзорга тез-тез ташриф буюриб, моҳир боғбондан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишяпти.

– Лимон кўчати ниҳоятда инжиқ ва нозик бўлади, – дейди Файзулла бобо Қурбонов. – Унга меҳр қўйиш, асраб-авайлаш керак. Бу йил Туркиянинг лимон кўчатларидан келтириб, ўтқаздим. Булар тезпишар (халқ тилида “жовпазак” ) лимонлар бўлиб, бир йилда ҳосил беради. Ҳозирга қадар ўнга яқин қишлоқдошим хонадонида  лимончилик ташкил этди. Ишонаманки, келгусида қишлоғимиз лимончилар қишлоғига айланади.

O‘zLiDeP вилоят Кенгаши шу ойдан бошлаб ўз томарқасидан унумли фойдаланаётган ер эгаларини доимий тарзда рағбатлантириб боришни режалаштирмоқда.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!