Фермер хотин-қизларнинг билимлари яна бир бор синовдан ўтказилди

Ташрифлар: 129

Сана: 31.08.2016 12:40

Хоразмда мамлакатимиз фаровонлиги, юртимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган аёлларнинг меҳнат ва ютуқларини эътироф этиш, уларнинг соҳага оид тажрибаларини оммалаштириш мақсадида O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши ҳамда вилоят Фермерлар Кенгаши ҳамкорлигида мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб  “Фермер аёллар” лойиҳаси доирасида кўрик-танлов ўтказилди.

Унда энг улуғ, энг азиз айём мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигини фермер аёллар ўртасида кўтаринки руҳда кутиб олиш, аёлларни фермерликдаги касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарурий шарт-шароитларни яратиш, аёллар раҳбарлик қилаётган фермер хўжаликлари шунингдек, хўжалик алоқаларини кенгайтиришга кўмаклашиш борасида вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида фикр алмашилди.

Шунингдек, танловда иштирокчилар ўз фермер хўжаликлари хусусида, жумладан, фермер хўжаликлари қачон ташкил қилингани, унинг йўналиши, ер майдони ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги натижалари, янги иш ўрни яратиш, коллеж битирувчиларини соҳага кенгроқ жалб этиш, қишлоқ ёки маҳаллада ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича ўз фаолиятини тақдим этди.

– Бугунги танлов мен учун катта марраларга йўл очди десам хато бўлмайди, – дейди кўрик-танловнинг олий ўрин соҳибаси Янгибозор туманидаги фермер Омонжон Холмуратова. – Нега десангиз, мазкур танловда ҳакамлар ҳайъати томонидан менга катта ишонч билдирилиб, олий ўринга лойиқ деб топилдим. Тўғриси, ҳозир жудаям ҳаяжондаман. Хаттоки қувончим ичимга сиғмай кетаяпти. Бу албатта, менга, менинг меҳнатларимга берилган катта рағбатдир. Шу боисдан келгусида менга берилган юксак ишончни оқлаш мақсадида фермер хўжалигимни янада кенгайтириб, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга астойдил ҳаракат қиламан. Шу фурсатдан фойдаланиб, бутун ўзбек халқини яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами билан муборакбод этаман!

Умуман, кўрик-танлов таассуротларга бой, кўтаринки рухда бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги туманлардан иштирок этган аёл фермерлар, фермер хўжалигида етиштирилаётган маҳсулотлар кўргазмасини намойиш қилиш билан бирга, танлов низомида белгиланган 3 та шарт бўйича беллашиб, хакамлар ҳайъати томонидан баҳолаш мезони бўйича баҳолаб борилди.

Танлов сўнггида кўрик-танловда фаол иштирок этган изланувчан, ташаббускор ва шижоатли фермер хотин-қизлар танловнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.                       

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

 Матбуот хизмати.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!