Фермерларга хизмат кўрсатишнинг Қашқадарё мактаби

Ташрифлар: 88

Сана: 23.02.2017 18:01

Қаршида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қашқадарё вилояти кенгаши томонидан “Фермерларга хизмат кўрсатишнинг Қашқадарё мактаби аграр соҳа ривожланишида барқарор тараққиёт кафолатидир” мавзусида амалий мулоқот ўтказилди. 

Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, тижорат банклари, соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар вакиллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги “Демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқимиз учун тинч ва осойишта, муносиб ҳаёт даражасини яратиш – барқарор тараққиёт кафолатидир” номли маърузаси ҳамда қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувдаги нутқида белгиланган қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш, фермерларга хизмат кўрсатишнинг Қашқадарё мактабини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самаралари муҳокама қилинди. 

Фермер хўжаликларини бошқаришнинг таъсирчан механизмларини яратиш, уларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан ўзаро муносабатини такомиллаштириш, фермер ва деҳқон хўжаликларидан давлат буюртмаси бўйича мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилишни молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

– Фаолиятимизни мунтазам такомиллаштириб бориш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш давр талабидир, – дейди Нишон туманидаги “Чашма” фермер хўжалиги раҳбари Марям Эшонқулова. – Давлатимиз раҳбари вилоятимиздаги сайловолди учрашувида фермерлик ҳаракатини жадал ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммолар сабабини аниқлаш, салбий ҳолатларни ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича фермерларга хизмат кўрсатишнинг Қашқадарё мактабини яратиш таклифини илгари сурган эди. Ушбу кўрсатмага мувофиқ, вилоятда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, туманлар фермерлар кенгашларидаги илғор, кўп йиллик тажрибага эга фермерлар партиянинг халқ депутатлари туман Кенгашларидаги гуруҳлари билан бирга фаолият олиб бормоқда. Нишон туманида 29 фермердан иборат кенгаш тузилди. Яқинда партия депутатлик гуруҳи ва ушбу кенгаш аъзолари биргаликда тумандаги фермерларга хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятини ўрганди. Уларнинг хулосаларига кўра туманда фермерларга хизмат кўрсатадиган 3 ёнилғи қуйиш шохобчаси раҳбари ўз вазифасидан озод қилинди. Демак, биз қилаётган иш ҳар бир фермер ва соҳага алоқадор шахсларнинг жавобгарлиги ҳамда ишга масъулиятини оширишга хизмат қилади. 

Тадбирда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жалб этиш ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга оид мавзуларда маърузалар тингланди. 

ЎзА
 
O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!