Халқ билан мулоқотни кенгайтириш устувор вазифа

Ташрифлар: 157

Сана: 21.12.2016 17:53

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши томонидан Президентимизнинг  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” номли маърузасини мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва тушунтириш мақсадида ўқув-семинар ташкил этилди.

Тадбирда Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолати экани, ўтган даврда қабул қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатини таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Қайд этилганидек, мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. 

– Бош қомусимизнинг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз томонидан кириб келаётган 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилганлиги ҳар бир юртдошимиз қалбида, эртанги порлоқ келажагига бўлган ишончни янада оширди, – дейди Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати О.Каримов. –Энг муҳими, маърузада тилга олинган фикр-мулоҳазалар, истиқболимизни белгилаб берувчи йўналишлар, аҳоли манфаатларига қаратилган юксак эътибор мени беҳад мамнун этди. Шунинг учун маърузада келтирилган ҳар бир фикрларни мамнуният билан қабул қилдик.  

Тадбирда сўзга чиққанлар, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, давлат идораларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш, бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этиш кераклигини таъкидладилар.

Давра суҳбатида билдирилган таклифлар ва кўриб чиқилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.                               

  O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!