Халқ манфаатларига қаратилган дастур

Ташрифлар: 140

Сана: 22.02.2017 15:11

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясининг “Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш” деб номланган биринчи йўналишини амалга оширишда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини тубдан яхшилаш, давлатнинг ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш назарда тутилган.

Мазкур йўналиш мамлакатимизда мустақиллик йилларида босқичма-босқич амалга оширилган сиёсий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, бу O‘zLiDePнинг давлат ва жамият қурилишини демократлаштириш ва либераллаштириш соҳасидаги вазифаларига тўла мос келади.

Шундан келиб чиқиб, жойларда партия электорати, фаоллари, депутатлик гуруҳлари вакиллари иштирокида Харакатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳамда O‘zLiDeP ва ҳудудлардаги партия депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада яхшилаш масалаларига қаратилган семинарлар ўтказилмоқда.

Қашқадарёда ўтказилган ана шундай семинарда “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқадиган халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи олдида турган устувор вазифалар, партиянинг 2017 йилга мўлжалланган комплекс ҳаракатлар дастури атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг таъсирини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳокимиятнинг вакиллик органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини назарда тутиб, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятида сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳларининг ролини кучайтириш, айниқса, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини назорат қилиш борасидаги ваколатларини кенгайтиришни ўз ичига қамраб олади.

—Партиянинг 2017 йилга мўлжалланган комплекс ҳаракатлар дастури асосида амалга оширадиган ишларимиз режасини белгилаб олганмиз, - дейди Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Насиба Нурова. —Жумладан, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсадли дастурларни амалга ошириш, кимё саноатини, рангли ва нодир металлар, углеводород хомашёси, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга қаратилган 8 та махсус дастурнинг ижроси бўйича самарали парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш каби муҳим масалалар ўрин олган.

Шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали даромадларини ошириш, яшаш шароитларини янада яхшилаш каби масалалар хусусида ҳам сўз юритилди.

—Вилоятдаги тижорат банклари томонидан тадбиркорлик, жумладан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун банк кредитлари берилишининг ҳолати тўғрисида Марказий банк вилоят бош бошқармасининг ҳисоботини тинглаш, бу борада тегишли қарорлар қабул қилинишига эришиш, ҳамда ушбу қарор ижросини таъминлаш устидан қатъий назоратни амалга ошириш партиямизнинг жорий йилга мўлжалланган харакат дастурида белгилаб берилган, - дейди Халқ депутатлари Чироқчи туман кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоси Саъдулла Бобоқулов. — Бу эса жойларда таъсирчан депутатлик назоратини амалга ошириш, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний таъминлашга ҳамда халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Тадбирда сўз олган партия фаоллари таъкидлаганларидек, ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар асосида партия томонидан 2017 йилда амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар мамлакатимизда ижтимоий соҳада олиб борилаёган кенг кўламли ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлаш билан бирга, келгусида бундай ишлар кўлами ва мақсадига кўра янги босқичда янада изчил олиб борилишининг ёрқин намунаси бўлиб хизмат қилади.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят  Кенгаши

 Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!