Халқимиз фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган ёш фермерлар

Ташрифлар: 3

Сана: 16.12.2016 15:29

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатда жадаллик билан ривожланиб бораётган фермерлик ҳаракатида фаол иштирок этаётган, қишлоқ инфратузилмасининг ривожланиши ва аҳолисининг фаровонлигини ўсиши учун масъулият билан меҳнат қилаётган ёш фермерларни қўллаб-қувватлаш, уларни юртимиз келажаги йўлидаги интилиши ва жамоат ишларидаги фаол иштирокини рағбатлантиришга катта эътибор беради.   

Шу мақсадда O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан замонавий билим ва малакага эга, ўз фаолиятида салмоқли ютуқларга эришишга қодир ишбилармон ва ташаббускор ёш фермерлар ўртасида “Ёш фермер” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Жабборов Ҳусан, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши “Ёшлар билан ишлаш” бўлими мудири:

Кўрик-танловда иштирок этиш ниятини билдириб, юздан ортиқ ёшлар партияга мурожаат қилди. Мана бугун улар орасидан саралаб олинган 25 нафари қизғин беллашмоқдалар. Танловда ёш фермерларнинг фермерлик бошқаруви, бухгалтерияси, ҳуқуқий ваколатлари, иқтисоди, техника базаси, электронлаштириш ва бошқа қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича билим ва малакалари ҳамда нотиқлик маҳоратлари ҳам синовдан ўтказилди. Ёшларимизнинг ҳар бир шартдаги чиқишлари, саволларга батафсил жавоб беришлари уларнинг катта тайёргарликка эга эканликларидан, ўз соҳасини яхши ўзлаштирганлигидан далолатдир. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2015 йилда ўтказилган кўрик-танловнинг Республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилган “Сарвиноз Собировна файзи” фермер хўжалиги раҳбари Шокирова Сарвиноз “Энг кўп иш ўрнини яратган ёш фермер” номинациясига лойиқ топилган эди. Ўйлайманки, бу йил ҳам сирдарёлик ёш фермерлар танловда ғолиб бўлиб, ўз олдига қўйган мақсадларига албатта эришадилар.

Қудрат Абдурайимов, танловнинг 1-ўрин соҳиби, Боёвут туманидаги “Илғор-Аброр ҳамкор” фермер хўжалиги раҳбари:

—Фермер сифатида иш бошлаганимга кўп вақт бўлмаган бўлсада ушбу соҳага меҳрим, қизиқишим жуда ҳам баланд. Ҳозирда 24 гектар ер майдонида пахта, ғалла етиштирш баробарида чорвачилик билан ҳам шуғулланиб келаман. Энг асосийси фермер хўжалигимизни ташкил этиб туманимиздаги бир нечта коллеж битирувчиларини доимий иш билан таъминладик. Бизларнинг камтарона меҳнатимизни эътироф этиб, мана шундай кўрик-танловда иштирок этиш, аграр соҳадаги билимларимизни яна бир карра синовдан ўтказиб, ўз имкониятларимизни намоён этиш учун барча шароитларни яратиб берган O‘zLiDePга чуқур миннатдорчилик билдираман! Фикримча, партия томонидан ўтказиб келинаётган бу каби танловлар ёш фермерлар сафини янада кенгайтиради, уларни мамлакат иқтисодиётини ошириш йўлида фидокорона меҳнат қилишга даъват этади.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, Оқолтин тумани “Эркин Озод Суннат” фермер ҳўжалиги раҳбари Турсунали Йўляхшиев 3-ўрин, Мирзаобод тумани “Фозилбек Алишер даласи” фермер ҳўжалиги иш бошқарувчиси Одил Имомов 2-ўрин, Боёвут туманидаги “Илғор-Аброр ҳамкор” фермер ҳўжалиги раҳбари Қудрат Абдурайимов эса фахрли 1-ўринга лойиқ деб топилди.

Танлов сўнггида ғолиб ва совриндорларга ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.    

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!