Халқона дастур ёхуд улуғ истиқбол кафолати

Сана: 28.11.2016 11:58

Шу кунларда Ватанимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши, демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш, юртимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишини таъминлашда ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўзининг ҳал қилувчи палласига кирди.

Жойлардаги кўп сонли учрашувлар давомида, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларда, ижтимоий тармоқлардаги ўзаро фикр алмашувларда тадбиркорлар ва ишбилармонлар, фермерлар, халқимизнинг турли қатламларига мансуб фуқароларимиз сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурларини кенг муҳокама қилаётганликларига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Биз учун, энг муҳими, ушбу сайловларнинг миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтаётганлиги ва бу жараёнда юртдошларимизнинг фаол иштирок этаётганлигидир. Шунингдек, партиямиз аъзолари, халқаро кузатувчилар жойларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурини жиддий қизиқиш билан муҳокама этилаётганини алоҳида таъкидлашмоқда.

Дарҳақиқат, барча ҳудудларда бўлгани каби Хоразм вилоятида ҳам партиямиздан Президентликка кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг дастури, унинг вилоят сайловчилари билан учрашуви электоратимиз вакиллари томонидан қўллаб-қувватланаётгани, бир сўз билан айтганда, самимий кутиб олинганлигини кўриш мумкин.

O‘zLiDeP Хоразм вилояти кенгаши раиси Ш.Сафарбоев фикрига кўра, Шавкат Мирзиёев дастурида ҳудудларни янада комплекс ривожлантириш масаласи энг муҳим вазифалар сирасига киритилган. Хусусан, Хоразм вилоятини ривожлантириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган бўлиб, яқин беш йилда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, мавжудларини модернизация қилиш бўйича 645 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Биргина мисол – энг йирик лойиҳалардан бири – “УзИксЭмЖи” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида 15 миллион доллар инвестиция ҳисобидан йилига 400 дона гидравлик экскаватор ва йўл қуриш техникасини ишлаб чиқариш лойиҳаси жорий этилади.

Вилоятимиз номзодимиз дастурида белгиланган маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш имкониятига эга бўлган тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш борасидаги вазифаларни ҳал этишда ҳам анча салоҳиятга эга. Хусусан, Боғот, Ҳазорасп, Шовот, Янгибозор туманларида янги замонавий тўқимачилик мажмуалари иш бошлади. Бугунги кунда вилоятдаги 34 та қўшма корхонанинг 15 таси ёки қарийб ярми охирги беш йилда, илгари бундай корхоналар мавжуд бўлмаган туманларда ташкил этилгани эътиборлидир.

Номзодимиз томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлар дастурига асосан мамлакатимизда яқин беш йилда 2,2 миллиард доллар инвестиция жалб этилиб, 120 та янги корхона ташкил этиш, 20 та корхонани модернизация қилиш кўзда тутилмоқда. Бунинг натижасида тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,2 марта ортади. Хоразм вилоятида бу борада 8 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Натижада тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробардан зиёд ошади.

Енгил саноат, чарм-пойабзал тармоқларида келгуси беш йилда Урганч шаҳри, Боғот, Гурлан, Ҳазорасп, Хонқа ва Янгиариқ туманларида замонавий корхоналар ташкил этишни назарда тутган 118 та лойиҳа амалга оширилади. Шунинг ҳисобидан вилоятда пахта толасини қайта ишлаш даражаси бугунги кундаги 46,6 фоиздан 2021 йилда қарийб 64 фоизга етказилади.

Ушбу лойиҳаларни ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш соҳаларидаги 204 та лойиҳанинг самарали амалга оширилиши эвазига Хоразм вилоятида келгуси беш йилда ҳудудий экспорт ҳажмини камида икки баробарга ошириш, экспорт фаолиятига камида 120 та янги корхонани жалб этиш имкониятини беради. Бу эса, ўз навбатида, вилоятнинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий соҳалардаги салоҳиятининг ҳам янада ортиши, янги қўшимча иш ўринларининг яратилиши, натижада ҳалқимиз фаровонлигининг ортишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Маълумки, Хоразм воҳаси бетакрор табиати, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган кўплаб ноёб маданий ва тарихий обидалари, инфратузилма тармоқлари билан Ўзбекистоннинг юксак сайёҳлик салоҳиятига эга бўлган ҳудудларидан ҳисобланади.

Шу сабабли номзодимиз вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантиришни изчил давом эттиришни таклиф этмоқда. Жумладан, келгусида 25 та янги меҳмонхона қуриш ва мавжуд 5 та меҳмонхонани кенгайтириш ҳисобидан улардаги ўринлар сони 2,1 мингтадан 3,17 мингтага етказиш, 22 та маданий-тарихий мерос объектида таъмирлаш ва тиклаш ишлари бажариш назарда тутилган. Бундан ташқари, Боғот, Хонқа, Янгибозор ва Урганч туманларида Амударё соҳилларида, “Ғовуккўл” ва “Эшонравот” кўллари бўйида соғломлаштириш-сайёҳлик мажмуалари барпо этиш ҳам кўзда тутилган.

Шу ва соҳадаги бошқа тизимли ишларни амалга ошириш натижасида 2021 йилга бориб, вилоятга келадиган хорижий сайёҳлар сони икки баробар кўпайиб, улар сони 100 минг нафарга етиши белгилаб олинган.

Номзодимиз дастурида барча соҳалар қатори ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида ҳам қатор тизимли вазифалар белгилаб қўйилган. Аввало, қишлоқ аҳолисининг эҳтиёж ва талабларини ҳисобга олиб, қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури қабул қилинди.

Ушбу дастурда қишлоқ жойлардаги даромади кам бўлган ва ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, қулай ва арзон кўп қаватли уйларни қуриш йўли билан уларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, турмуш даражаси ва сифатини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Уларга кўра, келгуси йилда 15 мингта ана шундай уй-жой қурилади. Жумладан, Хоразм вилоятида 2017 йилда 1 минг 72 та намунавий уй-жой қуриш ва кейинги йилларда ҳам бу ишларни изчил давом эттириш режалаштирилмоқда.

Номзодимиз дастурига кўра шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфасини тубдан яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилади. Хусусан, 2017 йилда Урганч шаҳридаги Тинчлик ва Маърифатчи кўчаларини реконструкция қилиш ишлари ниҳоясига етказилади. Амир Темур номидаги истироҳат боғи реконструкция қилинади. Бундай қурилиш ва ободончилик ишлари барча туман марказлари ва аҳоли пунктларида ҳам кенг кўламда олиб борилади.

Шунингдек, Урганч шаҳри ва туман марказларида замонавий лойиҳалар асосида жами 1472 та квартирага эга 46 та кўп қаватли “Камолот” уйларини барпо этиш ва уларни ижтимоий ҳаётимизда фаол иштирок этаётган ёшларимизга топшириш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев дастурида йўл-транспорт инфратузилмасини, ҳаво ва темир йўлларини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шаҳар ва қишлоқларда транспорт таъминотини янада ривожлантириш, Хоразмда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида охирги 5 йил давомида 393 та автобус ва 181 та микроавтобус сотиб олиниб, Урганч шаҳри ва шаҳар атрофи йўналишларига қўйилди. Бу борадаги ишларни изчил давом эттирган ҳолда, келгуси беш йилда яна 169 та автобус сотиб олиш, 6 та автостанция қуриш, чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун қўшимча транспорт йўналишларини ташкил этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, келгуси икки йилда қарийб 76 миллион доллар инвестиция ўзлаштириш ҳисобидан умумий узунлиги 36 километрдан зиёд Мискин – Урганч темир йўл тармоғини электрлаштириш, мавжуд 134 километр темир йўл тармоқлари таъмирланиб, Ҳазораспдаги вокзал реконструкция қилиниши назарда тутилган.

Номзодимиз аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратганлиги ҳам бизни қувонтирди. Оролбўйи минтақасида жойлашган Хоразм воҳаси учун аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш нақадар долзарб эканини барчамиз яхши тушунамиз. Шундай экан, қишлоқларда ичимлик суви таъминоти тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш мақсадида яқин беш йилда Хоразм вилоятида 718 километрдан ортиқ сув тармоқлари янгитдан қурилади, 115 километр тармоқ эса тубдан таъмирланади. 40 миллион доллар инвестиция ҳисобидан Урганч, Хива ва Питнак шаҳарларида кунлик қуввати 80 минг кубометрни ташкил этадиган оқава сувни тозалаш иншоотлари ҳамда 134 километр оқава сув тармоқлари қурилади ва реконструкция қилинади.

Дастурда белгиланган ишларни амалга ошириш натижасида 220 минг аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш яхшиланиб, ичимлик суви таъминоти даражаси вилоят бўйича 91 фоизга етказилади.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзодимиз – Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида ўтган чорак аср давомида эришган ютуқларни янада мустаҳкамлаш, ғалабалар бардавомлигини таъминлашга қаратилган улуғвор ғоялар, дастурларни ўртага ташлаганки, буларнинг барчаси бугунги кунимизга ва албатта эртанги фаровон ҳаётимизга бўлган ишончимизни янада оширади. Негаки, бу дастур буюк келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворининг мустаҳкам, ишончли кафолатидир.

Барчамиз учун Ватан битта! Битта мақсад бизни бирлаштиради, у ҳам бўлса, Ватанимиз тараққиётидир!

Муқаддас юртимиз, бағрикенг халқимизга садоқат билан хизмат қилишни энг шарафли бурч деб билган номзодимиз Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирамиз!

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

119