Хитой матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Ташрифлар: 182

Сана: 12.10.2017 11:19

Дунёнинг 150 мамлакатида тарқатиладиган нуфузли “Beijing Review”  (ХХР) журналида Ўзбекистон мавзусини қамраб олган мақолалар туркуми босилиб чиқди.

Биринчи мақола Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган. Унда республикамиз мазкур қутлуғ санани турли соҳаларда қўлга киритилган салмоқли муваффақиятлар билан кутиб олгани ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган. Нашрнинг қайд этишича, жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик сақланиб қолаётган шароитга қарамасдан, мамлакатимизда узоқ муддатли стратегик режалаштириш туфайли иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланмоқда.

Мақолада ўзига тўқ ва ўз нуқтаи назари ҳамда овозига эга бўлган давлат сифатида Ўзбекистон халқаро муносабатлар тизимида муносиб ўринни эгаллагани алоҳида қайд этилган.

Нашр ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг ривожланишига оид маълумотларни ҳам атрофлича қаламга олган. Мақолада эътироф этилганидек, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида Хитой Халқ Республикасига буюрган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиққани баробарида ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлашга ҳам кўмаклашди.

Юртимизда ҳаётга тадбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг  бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси  мавзусига алоҳида мақола бағишланган. Унда мазкур Стратегия долзарб ва аҳолини ўйлантириб келаётган масалаларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш асосида ишлаб чиқилгани таъкидланган.

“Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакат ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа бўлиб қолди. Беш босқичда амалга ошириладиган мазкур Стратегияда ҳар босқичда йилнинг номланиши эълон қилинганига қараб алоҳида давлат дастурларини ҳаётга тадбиқ этишни кўзда тутади”, деб ёзади нашр.

Мақола муаллифларининг фикр билдиришларича, Ҳаракатлар стратегияси “миллат келажаги қурилишининг воситаси ҳисобланади. У давлат ва жамиятнинг аниқ мақсад йўлида доимий ва барқарор ривожланишини рағбатлантириш учун зарурдир”.

“Beijing Review”  шарҳловчилари ушбу дастуриламал ҳужжатда Ўзбекистон эга бўлган имкониятлар, мақсад ва вазифалар аниқ-равшан ўз ифодасини топганини қайд этишган. “Шуниси муҳимки, мазкур Стратегия миллий яратувчилик салоҳиятини сафарбар этишга ҳамда одинга қўйилган мақсад ва вазифаларга эришиш учун одамларнинг масъулиятини ошириш, шахсий ва жамоавий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қодирдир”.

“Ўзбекистондаги ислоҳотлар” сарлавҳали мақолада эса мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилаётган ўзгаришлар қаламга олинган. Нашр, энг аввало, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббускорлигидаги ислоҳотлар халқ томонидан кенг миқёсда қўллаб-қувватланаётганига алоҳида эътибор қаратган. Шу ўринда республикамизда бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётни диверсификациялаш, мамлакатимиз саноат салоҳиятини кучайтириш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган.

Ўзбекистонда ташкил қилинган эркин иқтисодий зоналар, уларнинг ҳудудларида хорижлик сармоядорлар учун имтиёзли шароитлар тақдим этилаётганига алоҳида урғу берилган. Шу билан бирга, мақолада Тошкент юритаётган Марказий Осиёда яхши қўшничилик сиёсати юқори баҳоланар экан, бунинг шарофати билан минтақа ичида ўзаро алмашувлар ва савдо-сотиқ ҳажмлари кескин ошгани эътироф этилган.

“Жаҳон” АА,

Пекин

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!