Халқаро андозаларга мос

Ташрифлар: 52

Сана: 16.03.2017 16:41

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” бўлими томонидан “Туризмни ривожлантириш лойиҳаси” доирасида “Туризмни ривожлантириш истиқболлари: кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни” мавзуида амалий семинар ташкил этилди. Тадбирда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Хива шаҳрида тарихий обидаларни сақлаш, уларни таъмирлаш, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни сақлаган ҳолда, халқаро андозаларга мос турис­тик инфратузилмани яратиш, уни ривож­лантиришда қилиниши лозим бўлган муҳим масалалар  хусусида сўз юритилди.

– Ҳозирги кунда Хива шаҳрида жами 114 та маданий мерос объектлари, шу жумладан, 4 та археология, 111 та меъморчилик ёдгорлиги, 1 та  сайргоҳ, 9 та тарихий ҳовуз,  15 та ҳайкалтарошлик санъати ёдгорлиги, 4 та диққатга сазовор жой ва зиёратгоҳлар рўйхатга олинган, – дейди Урганч Давлат университети туризмни ривожлантириш кафедраси ўқитувчиси Фарҳод Абдуллаев. – Хивага  ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар сони  йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жумладан, 2016 йилда 33 минг нафардан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди.

Семинарда партия туризм соҳасида фаолият олиб бораётган электорат вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳага инвес­тициялар оқимини кенгроқ жалб этиш бўйича  таклифлар билдирилди.

Мафтуна РЎЗИМАТОВА,

Хоразм вилояти

 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!