Ўзбекистон делегацияси Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстликнинг олий органи йиғилишида иштирок этди

Сана: 20.04.2017 13:10

18 апрел кунлари Беларусия Республикасининг Минск шаҳрида Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстлик ташкилотига аъзо мамлакатлардаги алоқа маъмурлари раҳбарлари кенгашининг 52-мажлиси ҳамда МДҲ давлатларида ахборотлаштиришни мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг 23-йиғилиши бўлиб ўтди. 

Мазкур йиғилишда Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстлик ташкилотининг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикасининг Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутасаддиларидан иборат делегация билан бирга, Озарбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Беларус Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Туркманистоннинг вакиллари ҳамда кузатувчи сифатида Латвия Республикаси, «Интерспутник» халқаро космик алоқа ташкилоти ҳамда «Евтелсат» сунъий йўлдошли алоқа бўйича ҳукуматлараро ташкилот вакиллари, бошқа халқаро муассасалар, алоқа операторлари ва ўқув муассасалари мутахассислари иштирок этдилар. 

Ўзбекистон Республикасининг Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири в.б. Шерзод Шерматов бошчилигида мазкур анжуманда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси таркибидан "Ўзбектелеком" АК, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети вакиллари ўрин олган. Йиғилишда Шерзод Шерматов иштирокчилар диққатини Ўзбекистонда АКТни ривожлантириш ҳамда "електрон ҳукумат"ни жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларга бағишланган тақдимотга қаратди.

Йиғилишда 2016 йилда алоқа маъмурлари иштирокида ўтказилган Электралоқани стандартлаштириш бўйича бутунжаҳон ассамблеяси ва Бутунжаҳон почта иттифоқининг 26-конгрессининг натижалари муҳокама қилинди. 

Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстлик ташкилотининг ишчи органлари ва Ҳамдўстликнинг ижро этувчи қўмитасининг ташкилий ва техник жиҳатдан пухта тайёргарлиги йиғилишнинг самарали ўтиши ҳамда алоқа соҳаси маъмурлари томонидан билдирилган таклиф-мулоҳазаларнинг Электралоқани стандартлаштириш бўйича бутунжаҳон ассамблеяси ва Бутунжаҳон почта иттифоқининг 26-конгрессининг Якуний актида ўз ифодасини топишига хизмат қилди. 

Йиғилиш қатнашчилари Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстлик ташкилотининг 2017 йилда бўлиб ўтадиган Электралоқа ривожи бўйича бутунжаҳон конференсиясида, 2018 йилда ўтказиладиган Мухтор конференсияда, шунингдек 2019 йилда бўлиб ўтадиган Радиоалоқа ассамблеясида иштирок этиш юзасидан олиб бораётган тайёргарлиги билан танишдилар. 

Йиғилишда ахборот ресурсларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди ҳамда Халқаро электралоқа регламенти бўйича экспертлар гуруҳининг илк йиғилишининг натижалари ва кейинги йиғилишга тайёргарлик кўришга оид маълумотлар тингланди. 

Қатнашчилар Бутунжаҳон почта иттифоқининг халқаро бюроси томонидан 2017-2020 йилларда Европа ва Марказий Осиё ҳудудида почтани ривожлантириш бўйича "Почта тармоқлари - ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни иштирокчилари" деб номланган ҳудудий режани ва унга тааллуқли ҳаракатлар стратегиясини маъқулладилар 

Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстлик ташкилотининг халқаро ва ҳудудий ташкилотлар билан ҳамкорлиги масаласи кўриб чиқилиб, Халқаро алоқа академияси жамияти ва Монополияга қарши кураш сиёсати бўйича давлатлараро кенгаш билан 2 та англашув меморандуми имзоланди. 

Шунингдек, йиғилишда 2015 йилда Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ахборот-коммуникация йўналишидаги ривожланиш даражасини ўрганиш бўйича ташкил этилган мониторинг натижалари асосида, аъзо мамлакатларнинг бу борада барқарор ривожланиши учун мақсад-вазифаларни амалга ошириш, мамлакатларда рақамли технологияларни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари ҳамда уларни татбиқ этишнинг механизмларига оид масалалар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, 2020 йилга қадар Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатларини Иқтисодий ривожлантириш стратегиясининг 3-босқичи (2016-2020 йиллар)даги чора-тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

Анжуманда Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстлик ташкилотининг меъёрий ҳужжатларига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар маъқулланди, ташкилот Ижроия қўмитаси ва Тафтиш комиссиясининг ўтган давр мобайнидаги фаолиятига оид ҳисобот тингланди, шунингдек Кенгаш раҳбарининг, Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ҳамда Ҳамдўстликнинг Ижроия қўмитаси бош директорининг ўринбосарлари сайланди. Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстлик ташкилотининг Ишчи органи раҳбарлари, шунингдек навбатдаги давр учун Тафтиш комиссиясининг таркиби тасдиқланди. 

Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстлик ташкилотининг алоқа маъмурлари раҳбарларининг кенгаши -- Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстликнинг олий органидир. Кенгашнинг йиғилишларида Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстлик ташкилотининг муҳим фаолият йўналишлари муҳокама қилиниб, ривожланиш бўйича ўзаро қарорлар қабул қилинади. 

 
 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

192