Иқтисодиётнинг истиқболли тармоғи

Ташрифлар: 72

Сана: 05.05.2017 13:44

Маълумки, бугунги кунда туризм дунё иқтисодиётининг стратегик тармоғига айланмоқда. Хусусан, мамлакатимизда ҳам туризм ривожи тобора жадал тус оляпти. Кўҳна заминимиздаги 7 мингдан зиёд нодир тарихий ёдгорликлар ҳамда бетакрор архитектура намуналари, маданий мерос объектлари ва муқаддас қадамжолар юртимиз сайёҳлик салоҳияти нақадар юқори эканидан далолат беради. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон, Тошкент сингари бир неча минг йиллик тарихга эга ҳамда айни пайтда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида чирой очиб бораётган ҳудудларимизга яқин ва олис ўлкалардан келаётган сайёҳлар сафи йил сайин кенгаймоқда.  

Айни шу мавзуга бағишланган мулоҳазамизни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партиямиз фракцияси аъзоси Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВнинг фикрлари билан давом эттирамиз.

– Шуҳрат Хурсанович, Сизга яхши маълум, туризм доимо ўзгаришларни, ислоҳотни, янгиликни талаб этадиган соҳа ҳисобланади. Шу маънода айни пайтга келиб мамлакатимиз туризм имкониятларини ошириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги энг сўнгги ютуқларни кенг жорий этган ҳолда уни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти

– Тўғри таъкидладингиз, туризм соҳасида орқада қолмаслик учун, энг аввало, давр билан ҳамқадам бўлиш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш лозим. Бунда биринчи навбатда соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкам бўлиши талаб этилади.  Хусусан, Ўзбекистонда туризм тармоғининг ривожланишига 1998 йилда қабул қилинган “Туризм тўғрисида”ги қонун асос бўлди. Шунингдек, турли йилларда кучга кирган “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида” ҳамда “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳам соҳа равнақига хизмат қилмоқда.

Лекин дунё шиддат билан ўзгаряпти. Шунга мос равишда сайёҳларнинг талаб ва истаклари ҳам ортаяпти. Ана шундай бир шароитда мамлакатимиз туризм инфратузилмаси, туризм хизматлари сифати ва унинг даражаси, шунингдек, тармоқни бошқариш тизимини глобаллашув ва кескин рақобат шароитида замонавий талабларга мослаштириш зарур. Давлатимиз раҳбари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги дастурий маърузасида ҳам айни масалага алоҳида урғу бериб, туризмнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳолини иш билан таъминлаш жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан орқада қолаётганлигини таъкидлаб, соҳага оид устувор вазифаларни белгилаб берган эди.

Айни пайтга келиб бу борадаги ислоҳотлар ўзининг янги босқичига чиқди, дейишга бизда тўла асос бор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Зеро, ушбу ҳужжатда туристик фаолиятни ахборот билан таъминлашга доир муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилган. Эътиборга молик жиҳати, фармон асосида ўрта муддатли истиқболда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси тайёрланди ва кенг муҳокамага қўйилди. Қолаверса, туристик фаолиятни ахборот билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани ривожлантириш бўйича зарурий тадбирлар ишлаб чиқилди. Унга кўра республикамизда туристик ахборотларни бепул тақдим этиш, олдиндан жой банд қилиш, китоб, харита ва совғаларни харид қилиш имконини берувчи ахборот марказларини ташкил этиш, туристик объектлар ва йўналишларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, интернетда туристик маҳсулотларни таклиф этиш ишларини кучайтириш, Ўзбекистоннинг барча туристик имкониятларини ўз ичига олган махсус онлайн-платформани яратиш, 2018 йилдан бошлаб, “UzReport” телеканали негизида чет тилларда олиб бориладиган “UzReport World” халқаро телеканалини ташкил этиш, шу билан бирга хориж телеканалларида юртимизнинг ўзига хос тарихи, маданий мероси, буюк олим ва тарихий шахслари ҳамда, миллий ошхонамизни тарғиб этувчи ҳужжатли фильмлар яратиш ва бошқа соҳага оид муҳим масалалар қамраб олинган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, соҳага замонавий АКТ ютуқларини жорий этишдан мақсад юртимизга келаётган сайёҳларга қулай, осон ва ишончли хизмат кўрсатишни таъминлашдир. 

– Яқин беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар ўз аксини топган. Хусусан, унда янги туристик маршрутларни яратиш, унинг замонавий турлари ривожи каби вазифалар билан бир қаторда амалдаги “Туризм тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси ҳам белгиланган. Шу ҳақда нима дея оласиз?

– Вақт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Бугун барчамиз замон қанчалик шиддат билан ўзгариб бораётганини ҳис этяпмиз. Бу ўзгаришлардан ортда қолиш, улар билан ҳамоҳанг ҳаракат қилмаслик ривожланишнинг ортга кетишига олиб келади. Ушбу ҳаётий талаб барча соҳалар қатори қонунчилик тизимига ҳам тааллуқли. Шу маънода амалдаги “Туризм тўғрисида”ги қонун, халқаро тажрибалар асосида ўрганилиб, таҳлил этилганда, унда соҳани ривожлантиришда муҳим бўлган айрим жиҳатларга эътибор берилмагани, зарурий нормалар билан бойитилмаганлиги маълум бўлди.

Масалан, амалдаги қонунда туроператорлик, турагентлик фаолиятларига тушунча берилмаган, кимлар бу фаолият билан шуғулланади, уларнинг фаолияти нималардан иборат, фаолиятларни ким ташкил этади каби саволлар очиқ қолган. Бундан ташқари “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасида лицензиялаш реестрларини юритиш ва лицензиатлар тўғрисида маълумот бўлган реестрлардаги мавжуд ахборотни очиқ бўлиши назарда тутилган. Лекин амалдаги “Туризм тўғрисида”ги қонунда сайёҳлар ва бошқа манфаатдор шахсларга тегишли ахборот бериш мақсадида туроператорлар, турагентлар ягона реестрини, ва умуман туризм соҳаси субъектларининг реестрини юритиш масалалари киритилмаганлигини кўришимиз мумкин. Шунингдек, қонунда туризм соҳаси объектлари, туристик маҳсулот (туристик хизматлар мажмуи), туристик маҳсулотни шакллантириш, реализация қилиш, юргизиш ва уларнинг ахборот таъминоти каби йўналишлар ҳам очиқ қолдирилган.

Қолаверса, туризм соҳаси субъектлари ўз фаолиятларини амалга оширишда туристик маҳсулот тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки нотўғри тақдим этганлик ва бошқа мажбуриятларни зарур даражада бажармаганлик учун турист ёки бошқа буюртмачининг олдидаги жавобгарлиги масалаларини ёритувчи нормалар билан такомиллаштирилмаган.Умуман олганда, қонуннинг янги таҳририда бу каби бўшлиқлар тўлдирилади. Бундай комплекс ёндашув эса мамлакатимизда туризмни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Сўзимнинг якунида масаланинг яна бир муҳим жиҳатини айтмоқчиман. Яъни, туризм соҳасида яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити шу соҳадаги кўплаб тадбиркорлик субъектларининг фаоллигини янада ошириб, соҳада соғлом рақобат муҳитини вужудга келтирмоқда. Бу эса улар томонидан давр талабларига мос, сифатли хизматлар таклиф этилишига олиб келмоқда. Ўз-ўзидан аёнки, мазкур жараён партиямизнинг иқтисодиётни либераллаштириш ва бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш соҳасидаги вазифаларига тўла ҳамоҳангдир.

“XXI asr”мухбири

Акбар МУЗАФФАРОВ
суҳбатлашди

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!