Инновацион технологиялар – иқтисодий ўсишнинг муҳим омили

Ташрифлар: 322

Сана: 07.04.2017 19:57

Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ҳамкорлигида “Реал секторда ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишда инновацион технологиялар” мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилди. 

Тадбирда сўз олганлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида макроиқтисодий мутаносибликни сақлаш, қабул қилинган ўрта муддатли дастурлар асосида таркибий ва институционал ўзгаришларни чуқурлаштириш ҳисобига ялпи маҳсулотнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш вазифаси қўйилганлиги ва олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. 

Ушбу устувор вазифани самарали ҳал қилиш учун мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ва уларни янада чуқурлаштириш йўллари ҳамда воситаларини баҳолаш муҳим аҳамият касб этади. 

Бугунги кунда иқтисодиётимизда етакчи ўринни эгаллаб келаётган нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, автомобилсозлик, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқлар жадал ривожланмоқда. Экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. 

Ҳозир жамиятимизнинг қудратли таянчига айланиб бораётган мулкдорлар синфи жадал ривожланиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,5 фоизга етди. 

–Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи йўналиши ҳисобланган мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш ва либераллаштириш бўйича мақсадли вазифалар қўйилган, – дейди O‘zLiDeP  фаоли  Насим Алимов. – Хусусан, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу эса Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Дастурида белгиланган  вазифаларга тўла мос келади. Шунингдек, Стратегияда яна муҳим масалалар қаторида илм-фан соҳасини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилган бўлиб, унда илмий-тадқиқот муассасаларининг инновацион инфратузилмасини ривожлантириш, истиқболли соҳаларда кичик инновацион корхоналар, технопаркларни ташкил этиш устувор масалалар қаторида белгиланган. Шундай экан, Ҳаракатлар стратегияси ва Давлат дастурида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш учун партиямиз ва депутатлик гуруҳларимиз олдида катта масъулият ва фаолликни талаб қилади. Бунда албатта, биз ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда иш олиб боришимиз керак.

Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олдилар. 

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!