Ишбилармонлик муҳити яхшиланмоқда

Ташрифлар: 193

Сана: 14.03.2017 15:38

Андижонда “Қулай бизнес муҳити – тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилояти кенгаши ташаббуси билан ўтказилган тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят бўлими, солиқ, статистика, банк-молия идоралари вакиллари, тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, журналистлар иштирок этди. 

Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва янада қулай бизнес муҳити яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

– Тадбиркорлар ташаббуслари ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш, туманларда кичик саноат зоналари ташкил этиш, тадбиркорлик субъектларига давлат ва бошқа хизматлар кўрсатишни тубдан яхшилашга кўмаклашишга қаратилган бундай тадбирлар мунтазам ўтказилади, – дейди Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши вакили Алишер Мамажонов. – Бу борада асосий эътибор тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масаласига қаратилмоқда. 

Вилоятда бугунги кунда 24 мингта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 66 фоиз, бандликдаги ҳиссаси 84,1 фоизни ташкил этаётир. Ўтган йили тадбиркорлик субъектларига давлат объектлари тугатилишидан бўшаган 14,6 гектар, шунингдек, кичик саноат ҳудудлари ташкил этиш мақсадида 16,4 гектар ер майдони ажратилди, 231,4 минг квадрат метрлик бинолар ижарага берилди. 

Тадбирда “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган муаммоларни таҳлилий ўрганиш ва уларни ҳал этишнинг самарали йўллари”, “Тадбиркорлик субъектларининг кредит-молия ресурсларидан кенг фойдаланишини таъминлаш”, “Тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи бозор иқтисодиёти инфратузилмаси фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” мавзуларида маърузалар тингланди. 

ЎзА
 
O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!