Ишончли вакил қашқадарёлик сайловчилар билан учрашмоқда

Ташрифлар: 68

Сана: 22.11.2016 15:50

Тадбиркорлар ва ишбилармон ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Шаҳрисабз технология касб-ҳунар коллежи директори, сенатор Исомиддин Аброров вилоятнинг Косон, Муборак, Китоб ва Шаҳрисабз туманлари сайловчилари билан учрашди.

Учрашув аввалида И.Аброров сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурида белгиланган энг устувор вазифалар билан таништирди. Шу билан бирга сайловлар ҳаётимиз тарихида муҳим сиёсий жараён эканини, бунда ҳар бир фаолимиз, тарғиботчи гуруҳларимиз номзоднинг сайловолди Дастурини кенг оммага етказиш борасидаги тарғибот ишларини янада кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, дастурда кенг кўламли иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни изчил давом эттириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин олиш каби бир қатор мақсадлар ўз ифодасини топган. Шунингдек  номзоднинг Дастурида хусусий мулк ва тадбиркорлик соҳасини кенг ривожлантириш, саноатга замонавий технологияларни жорий қилиш ва янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, маҳаллийлаштириш дастурини ривожлантириш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби кўплаб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Учрашувларда сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таг замирида тинчлик ётганини ва бу олий неъмат номзоднинг дастурида энг устивор вазифа сифатида белгиланганлигини алоҳида эътироф этдилар. Шу билан бир қаторда ўсиб келаётган ёш авлод камолоти ва уларни ҳар томонлама баркамол авлод сифатида камол топишлари, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш баробарида юртимиз келажаги учун муносиб ҳисса қўшадиган етук инсонлар бўлиб етишишлари борасида номзоднинг сайловолди дастурида белгиланганлигини ғурур билан тилга олдилар.

Бўлиб ўтган учрашувларда иштирок этган фермер ва тадбиркорлар, зиёлилар, кичик ва ўрта синф вакиллари, фаол ёшлар ва аёллар, партия фаолларини ишончли вакил бўлажак сайловда Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватлашга ва бу борада тарғибот ишларини кучайтиришга чорлади.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!