Ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг сайловолди дастури билан таништирди

Сана: 26.11.2016

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили А.Тошқулов Термиз шаҳрида сайловчилар билан учрашди. 

Учрашувда Президентликка номзоднинг ишончли вакили йиғилганларни Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди. 

Дастурда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражасини янги босқичга кўтариш, давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини, айниқса, экспорт салоҳиятини ошириш, инвестициявий фаолликни кучайтириш, озуқабоп ва экспортбоп экинларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. 

Ижтимоий соҳани ривожлантириш, қишлоқ аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш, Ватанимиздаги осойишталик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш каби муҳим масалалар ўрин олган. 

Сайловчилар дастурда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов белгилаб берган тараққиёт тамойилларини изчил давом эттириш, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясини амалга ошириш, мамлакатимиз қудратини, халқаро ҳамжамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, хусусий мулк ва тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишлар юзасидан илгари сурилган вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. 

Учрашувда Термиз шаҳридаги “Алпомиш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Э.Поёнов, Термиз давлат университети талабаси С.Бегматов ва бошқалар номзоднинг дастурида белгиланган устувор вазифалар хусусида фикр билдирди. 

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили сайловчиларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарди. 

ЎзА
O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!