Ишончли вакил Яккасарой тумани сайловчилари билан учрашди

Ташрифлар: 158

Сана: 29.11.2016 18:17

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абдухаким Хаджибаев Яккасарой тумани сайловчилари билан учрашди.

Учрашувда ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастуридаги устувор вазифалар билан таништирди.

Таъкидланганидек, номзоднинг кенг қамровли сайловолди дастурида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ҳудудда кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш энг устувор вазифа сифатида белгилаб олинган. Хусусан, Тошкент шаҳрида коллежлар, академик лицейлар, олий таълим муассасалари битирувчилари ва ишга муҳтож аҳоли учун муносиб иш ҳақи тўланадиган қарийб 80 минг янги иш ўринлари ташкил этиш лозимлиги алоҳида қайд этилган. Шу маънода кичик бизнес корхоналари учун янги рағбатлантирувчи асослар яратилиши кўзда тутилиб, бу борада бундай корхоналарда мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш учун ходимларнинг йиллик сонини 120 тадан 240 кишигача оширишга имкон берадиган Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бунинг натижасида ушбу тармоқларда жами 15 мингга яқин янги иш ўринлари ташкил қилинади, йиллик 1 триллион 600 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ва хизматлар кўрсатилиши иқтисодий таҳлиллар асосида келтириб ўтилган.

—Номзоднинг Тошкент шаҳар сайловчилари билан бўлиб ўтган учрашувида қайд этилганидек, бизнес билан шуғулланаётган ҳар бир кишида давлат томонидан қўллаб-қувватланишига қатъий ишонч бўлиши шарт, - дейди туман партия ташкилоти раиси Ахмаджон Некбаев. —Шу мақсадда сайловолди дастурида электрон тизимлардан фойдаланган ҳолда бизнес учун 2017 йилда соддалаштирилган “ягона ойна” тизими орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари 30 тагача кўпайтирилиши қайд этилган. Тадбиркорлик соҳасида амалга оширилиши кўзда тутилаётган мана шундай янгиликлар нафақат пойтахтлик кичик бизнес субъектлари вакилларини балки мамлакатимиз ривожи йўлида меҳнат қилаётган барча тадбиркорларимизни бирдек қувонтиради.

Учрашувда сўзга чиққанлар, Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури комплекс аҳамиятга эгалиги, халқчиллиги, ҳаётий ғояларга бойлиги ва мавжуд муаммоларга аниқ ечимлар келтирилганлигини эътироф этишди.

Учрашув сўнггида ишончли вакил барча сайловчиларни бўлажак сайловда O‘zLiDePдан номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши

Матбуот хизмати.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!