Ишончли вакил Яшнобод туман сайловчилари билан учрашди

Ташрифлар: 38

Сана: 01.12.2016 16:06

Тошкент шаҳар Яшнобод туман меҳмонхона хўжалиги коллежида O‘zLiDePдан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абдуҳаким Ҳожибоев билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад-вазифалар муҳокама этилди.

– Номзодимиз Тошкент шаҳри учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик дастур – Сирғали туманида яқин истиқболда 500 та кўп қаватли замонавий уй-жой барпо этиш лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурмоқда, – деди ишончли вакил. – Бу эса қарийб 30 минг хонадонни, биринчи навбатда кам таъминланган оилаларни янги уй-жой билан таъминлаш имконини беради. Шаҳарнинг барча туманларида янги маданият ва истироҳат боғлари барпо этиш, яшил майдон ва ҳудудларни янада кўпайтириш, коммунал ва савдо хизматлари сифатини яхшилаш, янги транспорт-коммуникация тармоқлари ва замонавий хизмат турлари, маданий-маиший объектлар бунёд этиш, ер устидан ўтадиган тезюрар метро йўналишларини қуриш масалаларига устувор аҳамият берилади.

Тошкент темир йўл муҳандислари институтида бўлган учрашувда ҳам ишончли вакил Ш. Мирзиёевнинг темир йўл соҳасини ривожлантириш бўйича аниқ ва ҳаётий таклиф-тавсиялари ҳақида сўз юритди. А. Ҳожибоев дастурда темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Бухоро – Мискин темир йўл тармоғи қурилишини якунига етказиш ва электрлаштириш, Қарши – Термиз, Поп – Наманган – Андижон – Қўқон темир йўлларини электрлаштириш ишлари ҳам назарда тутилаётганини таъкидлади.

– Олдимизда турган муҳим сиёсий воқеа – сайловга бўлган қизиқиш, айниқса, ёшлар орасида жуда юқори, – дейди ишончли вакил билан Тошкент ирригация ва мелиорация  институтида ўтказилган учрашув иштирокчиси, талаба Шаҳзод Нормуродов. – Номзодимизнинг сайловолди дастурида “Ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини камол топтириш, уларни соғлом турмуш тарзи руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот ишларини кучайтирамиз”, дея ёшларнинг манфаатлари эътиборга олингани, ўсиб келаётган ёш авлод келажаги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом эттирилишидан далолатдир. 

"XXI asr"

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!