Ишончли вакил Зарафшон шаҳри сайловчилари билан учрашди

Сана: 29.11.2016 16:43

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Қ.Санақулов Зарафшон шаҳри сайловчилари билан учрашди. 

Учрашувда Президентликка номзоднинг ишончли вакили йиғилганларни Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди. 

Дастурда давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, мамлакатимиздаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. 

Ижро ҳокимияти фаолияти самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини ва одил судловни таъминлаш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, озуқабоп ва экспортбоп экинларни кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган. 

"Томди машъали" фермер хўжалиги раиси М.Назаров, Зарафшон саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Ш.Муҳаммадиев, Зарафшон шаҳридаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Н.Раҳматова ва бошқалар номзоднинг дастурида белгиланган устувор вазифалар хусусида фикр билдирди. 

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили сайловчиларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарди. 

ЎзА
O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

118