Истеъдодли ёшлар – мамлакат келажаги

Ташрифлар: 130

Сана: 19.05.2017 15:04

Мамлакатимизда  ёшларнинг бепул таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароитлар мавжуд. Истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, муҳими, бандлигини таъминлаш мақсадида қатор қонун ва қарорлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилди. Уларга қаратилаётган эътибор эса давлат сиёсати даражасига кўтарилди.  

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланаётган йигит-қизларимиз фан, таълим, адабиёт, санъат ва меъморчилик, спорт, тадбиркорлик соҳаларида юқори натижаларга эришиб, кўпчиликни ҳавасини келтирмоқда, мамлакатимиз довриғини кўкларга кўтариб келмоқда.

Тахтакўпирли Айгул Давлетмуратова ҳам ана шундай изланувчан ва ҳаракатчан фаол ёшлардан бири. Ёшлигидан ҳунармандчилик билан шуғулланган қаҳрамонимиз, ўқишда ҳам аъло баҳоларга ўқиб, жамоатчилик ишлари ва турли тугаракларда, танловларда фаол иштирок этиб келади. Айниқса, туманда ҳар йили ўтказиладиган миллий байрам тадбирларида ўзининг ҳунармандчилик бўйича тўқиган либослари ва кийимлари билан иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

– Ўзбекистонда ёшларнинг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб улғайишини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айлангани, бу жараёнда тадбиркорликни, айниқса, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ, –  дейди O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Аёллар билан ишлаш бўлими мудири А.Сиримбетова. – Эндиликда нафақат вилоят ва шаҳар марказларида, балки чекка-чекка қишлоқларда тадбиркорлик турлари жадал оммалашиб бораётганлиги кишини қувонтиради. Бугун ёшлар тадбиркорлигига берилаётган эътибор натижасида Айгул каби талабчан, ҳаракатчан йигит-қизларнинг янада сафи кенгаймоқда.

Айни чоғда Тахтакўпир тумани Қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган қаҳрамонимиз ҳозирча изланишдан тўхтагани йўқ. Унинг энг катта орзуси оилавий корхона очиб, оила аъзолари ва тенгдошлари бандлигига кўмаклашиш.

–Партия томонидан ўтказилиб келинадиган тадбир, танловларда мунтазам равишда иштирок этаман, – дейди А.Давлетмуратова. – 2015 йилда касб-ҳунар коллежи ва акдемик лицей ўқувчилари орасида ўтказилган “Ишбилармон талаба” стипендияси учун танловида қўл меҳнати билан қилинган ишларим бўйича қатнашиб, туман босқичидан биринчи ўринни эгаллаб, Қорақалпоғистон Республикаси босқичига қатнашганман. Ҳозирда оилавий тадбиркорлигимни бошлаш учун банкдан имтиёзли кредит олишни режалаштирганман. Албатта, бунда O‘zLiDeP кўмагига таянаман.

Ҳа, бугун ёшларимиздаги иштиёқ, интилувчанликни кўриб, ич-ичимиздан фахрланамиз. Зеро, улар ўз меҳнатлари билан нафақат туман, шаҳар ва вилоятда, балки республика танловларида ҳам истеъдодларини муносиб намойиш этишмоқда.  Буларнинг барчаси эса юртимизда баркамол авлод тарбияси йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.

            O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

 Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!