Италиянинг етакчи нашрлари Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида

Ташрифлар: 172

Сана: 17.04.2017 15:00

Ўзбекистон бағрида жойлашган кўп сонли ноёб тарихий ёдгорликлар, кўҳна меъморчилик дурдоналари, шунингдек, ўлкамиз  табиатининг гўзаллиги дунёнинг кўпгина мамлакатларида кузатилаётгани сингари Италия оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини ўзига тортмоқда. 

Масалан, яқинда мазкур мамлакатда нашр этиладиган оммабоп “Repubblica” кундалик газетаси, “National Geographic Italia” ва “Archeo”  илмий-публицистик журналларида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган мақолалар босилиб чиқди.

“La Repubblica” саҳифасида эълон қилинган мақолада муаллиф Ўзбекистонни ўхшаши ва тенги йўқ мамлакат, дея таърифлар экан, кўп асрлар давомида ўлкамиз Буюк Ипак йўлида Ғарб ва Шарқ ўртасидаги кўприк сифатида хизмат қилганини қайд этади.

Нашр ўз ўқувчиларининг эътиборига мамлакатимизнинг диққатга сазовор масканлари ҳақидаги атрофлича маълумотларни тақдим этган. Мақолада Бухорога “Марказий Осиёнинг энг табаррук шаҳри”, дея таъриф берилган. “Бу ерда ёши неча-неча асрларга тенг иморатлар ва кўҳна қалъа қарор топган бўлиб, улар бугунги кунларимизгача етиб келган. Бухорода кўҳна мактаблар, бозор ва карвонсаройлар жойлашган йўллар бўйлаб В асрдан 1920-йилга қадар ҳукмдорларнинг қароргоҳи бўлган Арк қалъасига боришингиз мумкин. Минораи калон мўъжизали меъморий ёдгорлик ҳисобланади, у тўққиз асрлик тарихга эга бўлган гўзал минорадир”, деб ёзади муаллиф.

Eртакмонанд Ўзбекистон билан ўқувчиларни таништиришда давом этар экан, муаллиф Қизилқум саҳроси орқали “очиқ осмон остидаги музей шаҳар” - Хивага бориш мумкинлигини маълум қилган. Мазкур шаҳарда замонавий хизматлар мувааффақият билан ривожланиб бораётгани, меҳмонхоналарда Wi-Fi ва бошқа замонавий қулайликлар мавжуллиги, ҳунармандлар қўллари билан ясалаётган анъанавий ёғоч буюмлар бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларига экспорт қилинаётгани ҳам қайд этилган. Муаллиф бу ерда мозийга сайр этиш воситасида чексизлик муҳитини ҳис қилиш мумкинлигини алоҳида таъкидлайди.

Мақолада Шарқ гавҳари - Самарқандда жойлашган тарихий-меъморий ёдгорликлар ҳақида ҳам атрофлича  маълумотлар ўз ифодасини топган. Муаллиф таниқли италиялик қўшиқчи Роберто Веккиони ижросида айтиладиган "Самарcанда” ашуласи алоҳида шуҳрат қозонганини таъкидлайди.

Сайёҳлик ва археологияга оид хабар-мақолаларни чоп этишга ихтисослашган “Archeo” журнали ҳам Самарқанд ва унинг шонли тарихига оид мақолани чоп этган. “Самарқандда учрашув - тарих ва шаҳарнинг қадимги ёдгорликлари” сарлавҳаси остида босилиб чиққан мазкур мақолада эрамизнинг VIII асридан эътиборан ушбу шаҳарнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши, Афросиёб шаҳарчасининг вужудга келишига оид маълумотлар журналхонларнинг эътиборига ҳавола этилган. Шунингдек, нашр 2017 йилнинг сентябрида Италияда “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” номли монография 40 минг нусхада савдога чиқарилиши ҳам журналхонларга маълум қилган. 

Дунёдаги саёҳатчилик ҳақидаги энг оммабоп нашр - “National Geographic” журнали эса журналист Марк Синотта қаламига мансуб “Ерости Эверести” (L'Everest sotterraneo) сарлавҳали мақолани чоп этди. Унда жаҳоннинг энг чуқур ғорларидан бири - Ўзбекистоннинг Бойсун тоғида жойлашган “Қоронғу юлдуз” ғори ҳақида ҳикоя қилинади. Муаллиф Италия, Исроил ва Россиянинг 31 нафар олими ва немис журналисти М.Синоттадан иборат халқаро экспедиция  томонидан олиб борилган тадқиқотлар тафсилотларини атрофлича қаламга олган.

“Жаҳон” АА,

 Рим

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!