Қаршида сайловчилар билан учрашув

Сана: 01.12.2016

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили И.Аброров Қарши тумани сайловчилари билан учрашди. 

Ишончли вакил сайловчиларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди. 

Дастурда Биринчи Президентимиз бошлаб берган кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, "Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари" концепциясини амалга ошириш, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, давлат ҳокимияти тизимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ролини кучайтириш, кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлаш, янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ҳалол, ўз Ватани ва халқига содиқ кадрларни тайёрлаш бўйича самарали тизим яратишга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. 

Макроиқтисодий барқарорликни ва эришилган иқтисодий ўсиш суръатларини янада мустаҳкамлаш, миллий валютамиз, ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, иқтисодиётимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, унинг соҳа ва тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, инвестициявий фаолликни кучайтириш, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш, хусусий мулкни ривожлантириш ва уни ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. 

Учрашувда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси туман кенгаши аппарат раҳбари Т.Қурбонов, “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси Қарши тумани бўлими раҳбари Ш.Эшонқулов, Қарши туманидаги 26-умумтаълим мактаби ўқитувчиси М.Ғуломова, Бешкент қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ш.Анваров ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури юзасидан фикр билдирди. 

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили сайловчиларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарди. 

ЎзА
O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!