Ҳар жабҳада фаол улар

Сана: 12.01.2017

Қундуз Каромова истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ тадбиркорликка қўл уриб, бешкентлик хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасида янги-янги лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил этилгач, туманда биринчилардан бўлиб унинг сафига кириб, дастурий мақсадларини тарғиб қилишда ташаббус кўрсатди.

Бугунги кунда ҳам у воҳадаги жонкуяр партия аъзоларидан бири. O`zLiDeP Қарши туман Кенгаши раисининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари сифатида ғоявий-сиёсий ишларнинг фаол тарғиботчиси. Тадбиркор аёл ҳар йили партия томонидан ўтказилаётган лойиҳаларда қатнашиб, молиявий кўмак олади ҳамда ишлаб чиқаришини кенгайтиради. Ўтган йили Халқ банки туман бўлимидан 64 миллион сўм миқдорида кредит олиб, турли хил ширинликлар тайёрлайдиган замонавий технология келтирди ва 6 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлади. Бугун у раҳбарлик қилаётган “Гулшан” хусусий корхонасида ўттизга яқин нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бу ерда ҳам йигирмадан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминлангани  ишбилармон аёлнинг изланишлари яхшигина самара бераётганлигининг исботидир.    

Айтиш керакки, Қашқадарёда бугунги кунда икки мингга яқин хотин-қизлар тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Уларнинг асосий қисми O`zLiDeP аъзоларидир. Шу боис вилоятда ёш қизларга ҳунар ўргатиш, иш билан таъминлаш борасида  ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади.

– Ўтган йили бўлимимиз томонидан хотин-қизларнинг сиё­сий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оилавий тадбиркорлик, фермерлик фаолиятига жалб этиш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган 305 та тадбир ташкил этилди, – дейди O`zLiDeP  вилоят Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш  бўлими мудири Гулбаҳор Тўраева. – Ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган 45 нафар хотин-қизга молия муассасаларидан 866 миллион сўм миқдорида кўмак олишига ёрдамлашилди ва натижада 185 та янги иш ўрни яратилди.

Масалан, Деҳқонобод туманининг Қорашина қўрғончасида истиқомат қилувчи Сайёра Бабатова ҳам 44 миллион сўм миқдорида кредит олиб, тикувчилик, тўқувчилик цехи, гўзаллик салони фалиятини йўлга қўйди. Китоблик фермер аёл Муқаддас Тўраева узумчиликка ихтисослашган фермер хўжалигини ташкил этганига кўп вақт бўлгани йўқ. Яқинда эса 25 миллион сўм қийматда кредит олиб, балиқхона ташкил этди. Нодира Бердиева Муборак туманида қандолатчилик цехи очди. Дилсўз Исмоилова “Шаҳрисабз ироқи” каштачилигини ривожлантириш мақсадида ҳунармандчилик мактаби, яккабоғлик Маржона Рустамова эса хонадонида паррандачиликни йўлга қўйди. Қаршилик Ҳулкар Эргашева пишираётган оби нонлар ниҳоятда харидоргир.

Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Эътиборли жиҳати, уларнинг барчаси партия “Аёллар қаноти” лойиҳаларининг иштирокчиларидир. 

Бугун вилоятда 21 минг 254 нафар партия аъзоси бўлиб, улардан 6 минг 966 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Партиянинг воҳадаги мавжуд 916 та бошланғич ташкилотининг 232 тасига аёллар раҳбарлик қилиб келмоқда. Бу ҳам партия омма орасига янада яқинроқ кириб бораётганини исботлайди.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!