Етакчи ташаббускор бўлса, сиёсий партиянинг жамиятдаги таъсир кучи ошади

Сана: 18.03.2017 14:30

Партия дастурий мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш, тарафдорларнинг кўпайишида бошланғич ташкилотларнинг ўрни беқиёс. Қуйи бўғин етакчиси ташаббускор, сиёсий-ҳуқуқий билимга эга, мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан бохабар бўлсагина, партия электоратини ортидан эргаштира олади. Партия ишини тўғри ва тизимли йўлга қўйишда илғор, етарли тажрибага, ўрганишга муносиб, бетакрор ва замонавий иш услубига эга қуйи бўғинлар фаолиятини оммалаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Қарши шаҳридаги “Қашқадарё махсус қурилиш дизайн” корхонаси бошланғич партия ташкилоти етакчиси Дилшод Кичкинаев ана шундай тиниб-тинчимас, ўзига ниҳоятда талабчан, ўтказилаётган сиёсий ўқувлар, тадбирларнинг фаол иштирокчиси сифатида партия аъзолари ўртасида ҳурмат ва эътибор қозонган фаоллардан бири саналади.

Бугунги кунда Қашқадарёда ўтказилаётган бошланғич партия ташкилотларининг ҳисобот-сайлов йиғилишида у етакчилик қилаётган қуйи бўғин фаолияти ибрат сифатида кўрсатилаётгани бежиз эмас. Жонкуяр йигит нафақат партиянинг  жамиятдаги мавқеини оширишда, балки ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, ташаббусларини  қўллаб-қувватлаш, айниқса, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган янги лойиҳалар ижросини назоратга олиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка йўналтириш орқали бандлигини таъминлаш борасида ҳам қатор таклифларни ўртага ташлайди.  

Биргина мисол. Партия фаоли таклифи билан халқ депутатлари шаҳар кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан шаҳар кенгаши сессиясига киритилган масалани бартараф этиш юзасидан тижорат банклари, савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида аниқ таклифлар ишлаб чиқилиб, шаҳарда  ишга туширилиши лозим бўлган барча лойиҳалар депутатлар назоратига олинди ва амалиётга муваффақиятли татбиқ этилди.   

Фақат шугина эмас. БПТ етакчиси, шаҳар ва вилоят кенгашидаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорлигида шаҳарда яшовчи ёш тадбиркорларга қурилиш материаллари ишлаб чиқариш борасидаги ўнлаб лойиҳаларини амалга оширишда ҳам яқиндан кўмак бериб келмоқда. Масалан, Қарши шаҳридаги ташландиқ ҳолдаги бино тадбиркор томонидан “ноль” қийматда олиниб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Айни пайтда бу ерда 23 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган. 

– Дилшод Кичкинаев шаҳримиздаги энг намунали БПТ етакчиси сифатида партия ишини яхшилаш борасидаги амалий ишлари билан барчага ўрнак бўлиб келаяпти, – дейди O`zLiDeP Қарши шаҳар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Дилшод Турсунов. – У жойларда ўтказилаётган ташкилий-партиявий, ғоявий-сиёсий ишларнинг фаол тарғиботчиси ва ташкилотчисидир. Партиямиз фаоллари ва етакчиларнинг сиёсий билим ва дунёқарашини ошириш мақсадида ўтказилаётган давра суҳбатлари ва семинарларда асосли таклиф ва мулоҳазалар билдиради.

Дарҳақиқат, БПТ етакчиси аҳоли мурожаатларини таҳлил этиб, шаҳарга ҳудудига хос бўлган масалаларни умумлаштириб, юқори партия ташкилотларига олиб чиқишда ташаббускорлиги, фаоллиги билан партия аъзоларига намуна бўлмоқда. Ўтган даврда маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш орқали шаҳарнинг саноат салоҳиятини ошириш, замонавий иншоатлар барпо этиш, инфратузилмани яхшилаш, зиёратгоҳларни таъмирлаш, туризмни ривожлантириш борасидаги ўнлаб таклифлари амалиётга татбиқ этилганлиги фикримиз тасдиғидир.   

– Бошланғич ташкилотимиз аъзоларининг партиявий топшириқлар билан қамраб олишга асосий эътибор қаратаяпмиз, – дейди БПТ етакчиси. – Чунки аҳолини, хусусан, ёшларни ўйлантираётган масалаларни уларгина яқиндан билишади, теран англашади, партия юқори органларига ҳаётий, асосли таклифлар беради. Бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишимизда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини ўрганиш, партия электорати ва аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш борасида тадбирлар режаси ишлаб чиқдик. Мазкур стратегия ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгилаб берилган вазифаларни бажаришда қуйи бўғинимиз аъзолари фаол иштирок этмоқда. Энг муҳими, мамлакатимиз тараққиётининг келгуси беш йиллик устувор йўналишларини ўзида мужассам этган мазкур ҳужжат барчамиз учун дастуриламалдир.

– Вилоятимизда 917 та БПТ бўлиб, 22 минг 209 нафар партия аъзоларини ўз сафларида бирлаштирган. Ҳозирга қадар 300 га яқин қуйи тузилмаларимиз фаолияти сарҳисоб қилинди, – дейди O`zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раис ўринбосари-аппарат раҳбари Орзуқул Шеров. – Бўлиб ўтаётган ҳисобот-сайлов йиғилишларида БПТ фаолиятини жонлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилаяпти. Хусусан, қуйи бўғинларнинг депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда халқ орасида бўлиб, электорат муаммоларини ўрганган ҳолда депутатлик гуруҳига чиқиши, муҳокамалар натижалари бўйича партия ҳудудий кенгашлари ва халқ депутатлари Кенгашларига мурожаат қилиш борасидаги амалий ишлари танқидий таҳлил этилаяпти. Бундай самарали ҳамкорлик аниқ натижаларга эришишимизга яқиндан ёрдам беради.

Ҳа, сиёсий етук инсон узоқни кўзлаганда чуқурроқ ўйлаши талаб этилади. Шундан кейингина унинг сўзи ўз таъсирини йўқотмайди, халқ уни тинглайди. Амалий ишларнинг кучайтирилиши одамларни партияга ва унинг етакчиларига ишончини орттириб, мазкур сиёсий куч ғояси атрофида бирлашиб, дастурий мақсадларни муваффақиятли оширишга даъват этиши тажрибадан маълум. Ҳали ёш бўлса-да, Дилшод Кичкинаев ташаббускорлиги, ташкилотчилиги боис ўзи раҳбарлик қилаётган қуйи бўғин ишини талаблар даражасида ташкил этаётир. Бундай ташаббускор ёш етакчилар фаолиятини тарғиб қилиш партия иши ривожига яқиндан ёрдам беради.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

204