Ҳамкорликнинг янги босқичи

Ташрифлар: 110

Сана: 15.03.2017 11:33

Маълумки, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Президентимиз Шавкат  Мирзиёев шу йилнинг 6-7 март кунлари давлат ташрифи билан Туркманистонда бўлиб қайтди.

Икки томонлама музокаралар чоғида барча масалалар қатори Орол денгизи ҳавзаси экотизимини қайта тиклаш, мазкур глобал муаммо оқибатларини енгиллаштириш йўлида биргаликда ҳаракат қилиш, бу ишга жамоатчиликни янада кенгроқ жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, бир пайтлар дунёдаги энг ноёб, гўзал ва йирик сув ҳавзаларидан бири бўлган Орол денгизи батамом йўқ бўлиб кетиш хавфи остида тургани у ерда яшаётган аҳоли ҳаётига, экотизим ва биологик хилма-хилликка ўнглаб бўлмайдиган даражада зарар етказмоқда. Бу эса, нафақат ўша ҳудуднинг, балки Марказий Осиё иқлимининг кескин ўзгаришига олиб келмоқда. Хусусан, сув ресурслари тақчиллиги, мавсумий қурғоқчиликнинг кучайиши, қаҳратон қишнинг узоқ давом этиши, Помир ва Тяньшан тоғлари музликлари эришининг тезлашиши ва минтақада қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш шароитларининг ёмонлашуви каби ҳолатлар кузатилмоқда.

Табиийки, Оролбўйи атрофидаги мавжуд вазиятни яхшилаш, экологик бўҳрон оқибатларини юмшатиш бўйича мамлакатимизда аниқ мақсадларни ўз ичига олган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётир. Биринчи Президентимиз ушбу масалани илк бор 1993 йил 28 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида кўтариб чиққан ва жаҳон ҳамжамияти эътиборини Орол денгизи муаммосига қаратган эди. Ўтган давр мобайнида табиий ресурслардан фойдаланишни тартибга соладиган ва табиатни муҳофаза қилиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон ушбу соҳадаги асосий халқаро ҳужжатлар, чунончи, Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланишга оид конвенцияга қўшилди. Шунингдек, сув ресурслари тақчиллиги ва чўлланиш муаммоларини ҳал этиш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, ерларнинг шўрланиши ва емирилишига қарши курашиш, аҳолининг ичимлик сувидан фойдаланишини яхшилаш, минтақада тобора кучайиб бораётган экологик ва иқлим ўзгаришининг салбий таъсири билан боғлиқ касалликларни даволаш учун зарур инфратузилмани шакллантиришга йўналтирилган кенг кўламли лойиҳалар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Лекин, икки давлат раҳбарлари ўртасида кечган музокаралар вақтида алоҳида таъкидланганидек, Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг сув ресурслари минтақа халқларининг умумий бойлиги эканлиги ҳамда ўн миллионлаб инсонлар тақдири, бутун минтақа барқарорлиги ва фаровонлиги мазкур ресурслардан адолатли ва оқилона фойдаланишга боғлиқдир. Шу маънода бу муаммога биргаликда ечим топиш, унга халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини янада кучайтириш, энг оқилона ва тўғри йўлдир. Зеро, ўзаро ҳамкорликда иш олиб борилиши ушбу ҳудуддаги экологик муаммоларни ҳал этиш учун янги ёндашувлар ишлаб чиқиш, долзарб лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари томонидан Орол денгизи минтақасидаги экологик вазият оқибатларини юмшатиш борасида ўрнатилган ҳамкорликнинг янги босқичи ушбу ҳудуддаги муҳитни янада яхшилаш ҳамда аҳоли фаровонлиги ва саломатлигини сақлашга хизмат қилади.

Зафар ХАНИЯЗОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!