IFAD Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини қўллаб-қувватламоқда

Ташрифлар: 82

Сана: 19.04.2017 18:56

2017 – 2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”даги Давлат дастурида мамлакатимиз макроиқтисодий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш мақсадида етакчи халқаро хорижий молиявий институтлар билан ҳамкорликни чуқурлаштириш кўзда тутилган. 

Шу нуқтаи назардан Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (The International Fund for Agricultural Development - IFAD) Ижроия кенгашининг Римда бўлиб ўтган 120-сессиясида Ўзбекистон Республикаси учун Мамлакатнинг стратегик имкониятлари дастурини (COSOP) тасдиқлаш тўғрисидаги қарори муҳим аҳамият касб этади. 

Шу тариқа, IFAD Ўзбекистоннинг  озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йилига 6-7 фоиз ҳажмдаги барқарор йиллик ўсиш суръатларини намоён этаётган қишлоқ хўжалигидаги кенг кўламли ва сифатли ўзгаришлар йўлига юқори баҳо берди.

Мамлакатнинг стратегик имкониятлари дастурига мувофиқ, Жамғарма мамлакатимиз ҳукумати ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда агросаноат мажмуини технологик янгилаш ва унинг ишлаб чиқариш имкониятларини оширишга, шунингдек, иқлим ўзгаришларига мослашишига кўмаклашади. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда илғор билимлар ва тажрибаларни қўллаш асносида амалга оширилади. Мўлжалланаётганидек, беш йил давомида Мамлакатнинг стратегик имкониятлари дастурини ҳаётга тадбиқ этиш  қишлоқ жойларда аҳоли даромадларини ошириш, қўшимча иш ўринларини яратиш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда ернинг ҳолатини сифат жиҳатдан яхшилаш имконини беради.

Шунинг муносабати билан, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси томонидан 75 миллион АҚШ долларига тенг бўлган “Ўзбекистонда бозорларни ривожлантириш дастурида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидан фойдаланиш” лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. 

Eслатиб ўтамиз: Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси 1977-йили БМТ ихтисослашган ташкилоти сифатида ташкил топган. Ундан кўзланган мақсад ташкилотга аъзо давлатларда қишлоқ хўжалиги ривожланишини имтиёзли молиялаштириш учун ресурсларни жалб этишдир. 2010-йил 25-мартда Ўзбекистон Президентининг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасига қўшилиш тўғрисидаги қарори эълон қилинган бўлса, 2011-йил февралидан эътиборан мазкур ҳалқаро ҳужжат мамлакатимизда кучга кирган.

Бугунги кунда мамлакатимизда ушбу Жамғарма ташаббускорлигида мевачилик жабҳасини қўллаб-қувватлаш ҳамда сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни кенгайтиришга йўналтирилган иккита лойиҳа амалга оширилмоқда.

“Жаҳон” АА,

Рим

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!