Ҳаракатлар стратегияси – тараққиётимиз омили

Ташрифлар: 18

Сана: 22.02.2017 16:06

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдаги мажлисида Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш, Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда партия олдида турган вазифалар муҳокама этилди. 

Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ўзгаришларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариши таъкидланди. Унга давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан сайловолди жараёнида кенг аҳоли қатлами, ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашувлар чоғида билдирилган мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилгани партия фаоллари ва депутатлик гуруҳларига алоҳида масъулият юклайди. 

Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир йўналиши партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари, депутатлик гуруҳлари, партия фаоллари олдида турган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида пухта ўрганилиб, таҳлил қилинди. Электорат манфаатлари, тадбиркор ва фермерлар билан жойларда ўтказилган учрашувлар натижаларидан келиб чиқиб, Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусий мулкни, молия бозорини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этишни қамраб оладиган вазифалар кўриб чиқилди. 

– Вилоятда келгуси беш йилда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича умумий қиймати 2 триллион 300 миллиард сўмлик 900 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш устидан самарали депутатлик назоратини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади, – дейди партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Бахтиёр Хўжаёров. – Бу борада маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳар бир лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши билан қизиқиши, тадбиркорларни кўллаб-қувватлашга ёрдам бериши лозим. Мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар юзасидан мутасаддилар ахборотини эшитиш, депутатлик сўровлари юбориш ва сессияларда муҳокама этиш амалиётидан самарали фойдаланишимиз зарур. 

Йиғилишда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг 2017 йилга мўлжалланган ҳаракат дастури муҳокама қилиниб, устувор вазифалар белгилаб олинди. 

ЎзА
 
O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!